Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.
Давлат раҳбари шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.
Маҳдуми Аъзам аслида ҳозирги Косонсой туманида туғилган ва нақшбандия таълимотининг машҳур раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшликда Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди Мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етади. Кейинчалик у тариқат илмига оид 30дан ортиқ асар ёзган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган.
Шу зотнинг илмий ва диний хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. У Самарқанд вилоятида абадий қўним топган.
Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтош Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида даҳма қурдирган ва бу ерда йирик масжид ҳамда илм талиблари учун мадраса барпо қилган. У вафотидан сўнг ўз васиятига кўра шу ерда дафн этилган. Зиёратгоҳда 50дан ортиқ қабр тоши сақланган бўлиб, аксари ёзувлари аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторидан ташқари икки нафар Афғонистон ҳукмдори ҳам дафн этилган.
Лойиҳа доирасида Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони тахминан 5 гектар. Бу ерга келадиган зиёратчилар сони кўп бўлгани боис, улар учун қулайлик яратиш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар барпо этилмоқда.
Таъмирдан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчи қабул қилиш имконияти яратилади. Илгари эса 5 минг киши каби зиёратчи қабул қилинган.
Шунингдек, ҳудудда зиёратчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилади ва 40дан ортиқ савдо ҳамда сервис объектлари ташкил қилинади.
Президент зиёратгоҳда дарахт экди ва алломанинг руҳлари ёдга олинди, Қуръон тилoвати қилинди.
Зиёратгоҳни янада обод қилиш, боғда асрларга татигулик дарахтлар барпо этиш ва ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.