Пайшанба куни Вашингтон марказида отишма содир этган шахс маҳаллий шифокор Мэтт Ламберт бўлиб, у ўзининг турар жой мажмуаси бошқаруви билан судлашиб келган.
Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги, NBC News ва Fox News телеканаллари каби бир қатор Америка оммавий ахборот воситалари маълум қилган.
Вашингтон полициясидан олинган маълумотларга кўра, Ламберт ўз кооператив уй-жой мажмуасидаги мулкдорлар ширкатининг раҳбариятини бино фасади таъмирланганидан кейин хонадонда юзага келган жиддий муаммолар, жумладан, кондиционер ва сув таъминоти тизимларидаги носозликлар учун масъул деб ҳисоблаган.
Бу борада томонлар ўртасидаги кескин низолар 2024 йил кузидан буён давом этиб келган. Охир-оқибат, Ламберт 2025 йилда Metropole деб номланган турар жой мажмуасини бошқарувчи компания устидан судга даъво аризаси киритган.
Маълумотларга кўра, Ламберт эрталаб турар жой мажмуасининг спорт залида унинг бошқарувчисини отиб ўлдирган. Шунингдек, у яна тўрт кишини яралаган.
Жабрланганлардан бирининг аҳволи оғир. Шундан сўнг, ҳужумчи ўз хонадонiga баррикада қуриб олган ва полиция билан телефон орқали қисқа музокаралардан кейин ўз жонига қасд қилган.
Ҳодиса сабабли полиция эрталаб Metropole мажмуасига катта кучларни сафарбар этган, яқин атрофдаги барча кўчаларни тўлиқ қамраб олиб, ҳаракатни чеклаган.
Вашингтон шаҳар маъмурияти воқеа тафсилотлари ҳақида Оқ уйни хабардор қилган. Оқ уй ушбу турар жой мажмуасидан автомобилда тахминан етти дақиқалик масофада жойлашган.