Лондон марказида бўлиб ўтган акциялардан бири ултраўнгчи фаол, Томми Робинсон номи билан ҳам танилган Стивен Яксли-Леннон томонидан ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, унга ўн минглаб одамлар йиғилган. Марш иштирокчилари бошпана изловчилар сони ва оммавий миграциядан норозилик билдиришди.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер марш ўтказилишидан олдин ҳам унинг ташкилотчиларини атайлаб нафрат ва парчаланишни тарқатишда айблаган эди. Томми Робинсон — британ ўнгчилари орасида таниқли фаол бўлиб, унинг 2025 йил сентябр ойида ўтказилган аввалги мигрантларга қарши акциясида 150 мингга яқин киши қатнашган эди.
Ушбу марш билан бир вақтда Лондонда Накба ("фалокат") хотирасига бағишланган йиллик намойиш ҳам бўлиб ўтди. Накба — 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилаётган даврда 700 000 га яқин фаластинликнинг ҳозирги Исроил ҳудудидан кўчирилишидир.
Лондон полицияси ушбу икки акция иштирокчилари ўртасида тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида 4000 нафар ходимни жалб қилди. Куннинг ярмига келиб турли ҳуқуқбузарликлар учун 31 киши қўлга олинди, бироқ умуман олганда ҳар икки намойиш ҳам "жиддий кўнгилсизликларсиз" ўтди, деб қайд этмоқда пойтахт полицияси.