Бугун 17 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Путин «Молдовани дарғазаб қилувчи» ҳужжатни имзолади

Путин «Молдовани дарғазаб қилувчи» ҳужжатни имзолади

Россия президенти Владимир Путин Днестрбўйи аҳолисининг Россия фуқаролигини олишини осонлаштирувчи фармонга имзо чекди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Днестрбўйининг вояга етган аҳолиси РФнинг фуқаролик тўғрисидаги қонуни 15-моддаси 1-3-бандларида кўзда тутилган талабларга риоя қилмаган ҳолда фуқаролик олиши мумкин.

Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 15-моддаси 1-3-бандларида Россия фуқаролигини олиш учун мамлакатда беш йил мобайнида доимий яшаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини билиш каби талаблар кўзда тутилган.

Путин маъқуллаган фармон Днестрбўйи аҳолисига рус тили ва Россия тарихи бўйича имтиҳон топширмасдан ҳам РФ фуқаролигини олиш имконини беради.

Днестрбўйи – Молдова Республикаси таркибидаги сепаратистик кайфиятдаги ҳудуд. 1990 йилда Днестрбўйи Молдова Республикаси тузилгани эълон қилинган эди. Аммо бу республикани дунё давлатлари ва БМТ тан олмаган.

Днестрбўйида 1 500 нафар россиялик аскар мавжуд. Молдова раҳбарияти кўп йиллардан буён ҳудуддан рус қўшини олиб чиқиб кетилишини талаб қилиб келади.

Таҳлилчиларга кўра, Днестрбўйи аҳолисига Россия фуқаролигини беришни осонлаштириш тартиби айирмачилик кайфиятини янада кучайтириши мумкин. Бу эса Молдовада кескин эътироз уйғотиши табиий.

Жорий йил апрель ойида РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Днестрбўйида яшаётган 220 мингдан зиёд россияликнинг манфаатлари Молдова ва Украинанинг хатти-ҳаракатлари сабаб таҳдид остида қолаётгани, Москва бу борада керакли чораларни кўриши ҳақида баёнот берганди.

Ўзини ўзи республика деб эълон қилган ҳудуд аҳолиси жами 470 минг экани айтилади.

Киритилди: 22:01 16.05.2026. Ўқилди: 558 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!