АҚШ Давлат департаменти мамлакатдаги беқарор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфсизлик ҳолати туфайли АҚШ фуқароларини Ливанни зудлик билан тарк этишга чақирди.
"Давлат департаменти АҚШ фуқароларини ҳали тижорат рейсларидан фойдаланиш имконияти бор вақтда Ливанни зудлик билан тарк этишга қатъий чақиради", — дейилади АҚШнинг Ливандаги элчихонаси сайтида эълон қилинган баёнотда.
Бундан ташқари, дипломатик ваколатхона АҚШ фуқароларини Ливанга боришдан тийилишга чақирди ва мамлакатни тарк этмасликка қарор қилган америкаликларга фавқулодда вазиятлар учун ҳаракат режасини тайёрлашни ҳамда вазият ёмонлашган тақдирда, жойида қолишга тайёр туришни тавсия қилди.
"Ушбу муқобил режалар мамлакатдан чиқиб кетиш ёки эвакуация қилишда АҚШ ҳукуматининг ёрдамига таянмаслиги керак", — дея аниқлик киритилади нашрда.