КХДР ҳарбийлари 10 март куни, тахминларга кўра, учиш масофаси 300 кмдан ошмайдиган баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда «Yonhap» агентлиги жанубийкореялик ҳарбийларга таяниб хабар берди.
Агентлик аниқлик киритишича, учириш Хванхэ-Пукто вилоятидаги Хванджу аҳоли пункти атрофидан Сариқ денгиз томон амалга оширилган. Аввалроқ учириш маҳаллий вақт билан соат 13:50 (Москва вақти билан 07:50) да содир бўлгани хабар қилинган эди. Жанубий Корея Қўшинлар бош штаблари қўмитаси ракета «яқин масофага учириладиган баллистик ракета» бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Агентлик маълумотига кўра, ракета 60 дан 100 км гача масофани босиб ўтган.
10 март куни АҚШ ва Жанубий Корея «Freedom Shield» деб номланган кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлади. КХДР Ташқи ишлар вазирлиги бу машқларни «агрессив уруш учун машқ» деб атади ва улар Корея яриморолидаги вазиятни янада кескинлаштираётганини таъкидлади. Пхеньян бу машқлар АҚШ хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатишини ва жавоб тариқасида КХДР минтақа тинчлигини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтиришини маълум қилди.
Шунингдек, «Yonhap» таъкидлашича, бу баллистик ракета учирилиши АҚШ президенти Дональд Трамп 20 январда инаугурация қилинганидан кейинги биринчи бундай ҳолатдир. 26 феврал куни стратегик қанотли ракеталар учирилган эди.