Аллоҳ таоло одамзодга йиғлаш ва кулиш неъматларини ато этган. Инсон мана шу неъматлардан тўғри фойдаланиши керак. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир» (Нажм, 43).
Ҳанафий уламоларимиздан Алусий тафсирларида оятни шарҳлаб, кулгини ҳам, йиғини ҳам яратган Аллоҳдир, деганлар. Табарий эса Аллоҳ таоло жаннат аҳлини у ерга киритиб кулдиради, жаҳаннам аҳлини эса у ерга киритиб йиғлатади ва бу дунё аҳлларидан истаганини кулдириб, хоҳлаганини йиғлатади, деганлар.
Инсон тафаккур қилса, Аллоҳ уни ер юзида фақат ва фақат яхшилик қилиш учун яратганини англайди. Қимматли ва оқар сувдек ўтиб кетувчи бу умр маъсият ишларга сарфланса, Аллоҳнинг амрларига итоат қилинмаса, инсон охиратда пушаймон бўлиши, надомат чекиб, йиғлаб қолиши мумкин. Охиратда саодат топмоқчи бўлган инсон дунёга алданмаслиги, турли орзу-ҳавасларга берилиб кетмаслиги керак. Парвардигори олам муборак Каломида:
«Бас, (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар!» (Тавба, 82) дея огоҳлантиради. Қуртубий тафсирларида: “Оз кулсинлар ва кўп йиғласинлар” жумласи гарчи амр сийғасида бўлса ҳам, таҳдид маъносида келган. Бир қавлда хабар маъносида бўлиб, кам кулиб, кўп йиғлайдилар маъносидир”, деганлар. Бу оят аслида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Табук ғазотига кўп сонли саҳобалар билан чиққанларида, ортларида қолиб, улар билан бирга чиқмай, хурсанд бўлган мунофиқлар ҳақидадир.
Бу таҳдиддан мўминлар ҳам ўзларига ибрат олишлари, кам кулиб, Аллоҳ олдидаги гуноҳлари учун кўп йиғлашлари керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, агар мен билган нарсани билганларингизда эди, кўп йиғлаб, кам кулардиларингиз”, деганлар.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Кўп кулишдан сақланинг. Чунки кўп кулги қалбни ўлдиради ва юз нурини кетказади”. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа бир ҳадиси шарифда: “Огоҳ бўлинг, жасадда бир бўлак гўшт борки, у тўғри бўлса, жасаднинг барчаси тўғри, агар у бузилса, жасаднинг барчаси бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, деганларидек, инсон жасадида қалбнинг бошқа аъзоларга нисбатан ўрни ҳаёт нуқтаси ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу васиятларида қалбни ўлдирадиган нарсалардан огоҳлантириб, кўп кулишдан қайтармоқдалар. Аллоҳ таоло:
«Бас, мўъжизаларимизни уларга келтирганида, улар бирданига улардан (мўъжизалардан) кула бошладилар» (Зухруф, 47), деб марҳамат қилган.
Ушбу ояти каримада ҳам кулгининг ёмон иллатлардан эканлигига ишора бор. Бошқа бир оятда:
«Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг камтарликларини зиёда қилур» (Исро, 109) дея гуноҳларга тавба қилиб, йиғлашга ишора бор.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: «Сарвари коинот бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло етти кишини Аршининг соясидан бошқа соя йўқ кунда (Аршининг) соясига олур:
Оятлар ва ҳадислар гуноҳлар учун йиғлаб тазарру қилишга ундаса-да, лекин бу дегани инсон ҳаётида умуман кулмасдан, хўмрайиб юрсин, дегани эмас. Инсонлар жамиятдаги мулоқотлари борасида ўз ўринларини билиб чиройли муомалада бўлишлари, самимийлик ва одамгарчиликни унутмасликлари лозим. Кулги ҳам суннатдир. Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам аҳён-аҳёнда кулганлар, кулганларида озиқ тишлари кўринар эди. Бу кулги нафс дардини тушунувчи оқилларнинг кулгисидир ва ўша дарднинг давоси ҳамдир.
Бундан кулишнинг барча тури мумкин эмас, деган ҳукм келиб чиқмайди. Кулиш ҳам меъёрига қараб бир неча хилга бўлинади: товуш чиқармасдан кулиш, “табассум”, бошқалар эшитмайдиган даражада овоз чиқариб кулиш “зиҳк”, бошқалар эшитадиган даражада овоз чиқариб кулиш “қаҳқаҳа” дейилади. Кулиш ҳам Аллоҳ таолонинг инсонга берган неъмати ҳисобланади. Чунки инсондан бошқа жонзотларнинг бирортасига кулиш ва йиғлаш хусусияти берилмаган.
Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кулганлар. Лекин баланд овозда ва кўп кулмаганлар, балки кулги ва табассумлари ҳам меъёрда бўлган.
Мусулмон киши табассум қилиши, лекин кўп кулмаслиги лозим.
Хизр (алайҳиссалом)га Мусо (алайҳиссалом) сафарларининг охирида: “Менга насиҳат қилинг”, дейдилар. Шунда Хизр (алайҳиссалом): “Эй Имрон фарзанди, табассум қил, лекин кўп кулувчи бўлма. Одамлар билан тортишма. Ўз ҳожатинг бўлмаган иш ортидан юрма. Хатокорларнинг хатолари сабаб уларни айблама”, деганлар.
Manba: hidoyat. uz