40 ёшли Ўзбекистон фуқароси Украина урушида Россия томонида туриб қуролли жангларда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Жорий йил 24 сентябр куни ЖИБ Ғаллаорол туман судида кўриб чиқилган мазкур «иш»да аниқланишича, Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2- қисми «а» банди билан айбланган Б.М. ишлаб пул топиш мақсадида 2023 йилнинг май ойида Россияга борган. У ерда турли мавсумий ишларда ишлаб келиб, РФ Самара вилояти Тольятти туманидаги ҳарбий қисмда Украина урушига бориш ҳақидаги шартномани тузган ва 2023 йил 10 июндан 2024 йил 11 июнга қадар оддий аскар унвонида РФ томонидан Украинанинг вақтинча босиб олинган Луганск ва Донецк вилоятлари ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Шундан сўнг, Б.М. ҳарбий ҳаракатлардаги иштирокини яшириш мақсадида Жиззах вилояти Бахмал тумани ИИБ томонидан берилган «қизил паспорт»ини қасддан йиртиб ташлаган ва ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик ва элчихона муассасаларига фуқароликдан чиқиш бўйича мурожаат қилмасдан, РФ фуқаролигини олган.
Суд терговида маълум бўлишича, Б.М. 2024 йил 12 июлдан 2025 йил 9 февраль кунига қадар Москвада қурилиш ишларида ишлаган, бироқ қурилиш ишлари яхши бўлмаганлиги сабабли яна 2025 йил 10 февраль куни РФ МВ билан қайта шартнома тузган.
2025 йил 20 март куни эса тиши оғриб, Москва шаҳридаги ҳарбий госпиталга борган ва у ерда 18 апрелга қадар даволанган. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтишни мақсад қилиб, 19 апрель куни Москва-Самарқанд йўналишида авиачипта харид қилиб, эртаси куни Самарқандга етиб келган. Шундан сўнг уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ушлаган.
Суд Б.М.ни Жиноят кодексининг юқорида кўрсатилган моддалари бўйича айбдор деб топди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Маълумот учун, Б.М. Ўзбекистондаги ҳарбий хизматни ўтаб, 2010-2018 йилларда бир нечта ҳарбий қисмларда ишлаб келган.