Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду фаолиятини Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда машҳур инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқ X'да хабар берди.
Романо маълумотларига кўра, 40 ёшли Роналду «Ан-Наср» билан янги шартнома имзолашга тайёрланмоқда. Ҳозирда расмий ҳужжатлар текширув жараёнида, келишувнинг сўнги тафсилотлари муҳокама қилинмоқда. Янги шартнома бир ёки икки йилга мўлжалланган бўлади. Шунингдек, Роналду истаса, 2027 йил июнига қадар жамоа сафида ўйнаши мумкинлиги қайд этилган.
Ўтган мавсумда «Ан-Наср» ҳеч қандай соврин ютолмади. Саудия Арабистони чемпионатида жамоа 70 очко тўплаб, турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллади. Криштиану Роналду 2023 йил январидан бери ушбу клуб шарафини ҳимоя қилмоқда. У ўтган мавсумда барча мусобақаларда жами 35 та гол ва 4 та ассистга эришди.
Бугун, 25 июнь куни «Ан-Наср» жамоаси италиялик мутахассис Стефано Пиолининг бош мураббийлик лавозимидан кетганини эълон қилди.