Россия президенти Владимир Путин Украина бўйича тинчлик музокаралари берк кўчага кириб қолган, деб ҳисобламоқда ва жанговар ҳаракатларни янада кучайтиришга тайёрланаётган бўлиши мумкин. Bloomberg Кремлга яқин манбаларга таяниб ёзишича, Россия раҳбарияти доираларида Путин сўнгги чора сифатида тактик ядровий қуролдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортиб бормоқда.
Агентлик манбаларига кўра, Россия яқин вақт ичида Киев маркази, шунингдек Украинанинг бошқа шаҳарларидаги инфратузилма объектларига баллистик ракеталар билан зарбаларни кучайтириши мумкин.
«Трамп маъмурияти воситачилигида қарийб бир ярим йил давом этган музокаралар де-факто муваффақиятсизликка учради», — деди манбалардан бири.
Bloomberg ёзишича, Москва Украина томонидан Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари, портлар ва логистика омборларига берилган зарбаларни NATOнинг билвосита иштироки билан боғламоқда. Россия томони бунга альянснинг Киевга қурол-яроғ ва разведка маълумотлари етказиб бериши асос бўлаётганини таъкидламоқда.
Иқтисодий босим, ёқилғи билан боғлиқ муаммолар ва логистика инфратузилмасига берилаётган зарбаларга қарамай, Bloomberg манбалари Путин ҳозирча урушни якунлаш ниятида эмаслигини билдирган. Кремлдаги айрим манбалар эса ҳозирги ўзаро зарбалар босқичи ҳарбий эскалациянинг энг юқори нуқтаси эмас, деб ҳисобламоқда.
«Россиялик амалдорларнинг тобора кўпроқ қисми Путин сўнгги чора сифатида Украинага қарши тактик ядровий қурол қўллаши мумкин, деган хавотирни билдирмоқда. Улар фикрича, урушда мағлубият Путин учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сценарий», — дея Bloomberg Кремлга яқин манбалар сўзларини келтиради.
Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, вазиятда кескин бурилиш бўлишига умид пастлигича қолаётган бўлса-да, Кремль Доналд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвага янги таклифлар билан келиши мумкинлигига ҳали ҳам умид қилмоқда.