"Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар мавзуси ҳозирча назарий масала. Аввало, муаммони ҳал қилиш зарур, биз учун “Махсус ҳарбий операция” олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини қайд этиш муҳим. Россия учун бу сиёсий-дипломатик воситалар орқали амалга оширилиши афзалроқ, бироқ ҳозирги шароитда бу воситалар имконсиз бўлиб қолган, шунинг учун “Махсус ҳарбий операция” давом этмоқда", — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Унинг сўзларига кўра, Москвaнинг мулоқотни бошлашга оид барча таклифлари ҳам Украина, ҳам Ғарб томонидан рад этилган.
Россиянинг кенг кўламли урушдаги расмий мақсадлари сифатида Украинанинг “демилитаризацияси” ва “денацификацияси” кўрсатилган. Москва, шунингдек, Қримнинг Россия ҳудуди сифатида тан олиниши ҳамда “Донецк Халқ Республикаси” ва “Луганск Халқ Республикаси”нинг мустақил давлатлар сифатида эътироф этилишини талаб қилмоқда.
Украина эса март ойидан бери Россияни осмон, қуруқлик ва денгизда тўлиқ ва дастлабки шартларсиз ўт очишни тўхтатишга чақириб келмоқда, бироқ Москва ўт очишни тўхтатишдан бош тортмоқда.