Юртимизда тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лекин, айрим тадбиркорларнинг бизнес режалари иш бермай, банкдан олинган кредитлар суд тартибида ундирилмоқда.
Бюро органлари иш юритувидаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд қарорлари ижросини таъминлаш назоратга олинган бўлиб, бу борада муайян ишлар қилинмоқда.
Масалан, Андижон туманлараро иқтисодий судининг 13.10.2022 йилдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи АТ “Халқ банки” фойдасига 3 та қарздор жамиятлардан солидар тартибда жами 2 млрд. 475 млн. сўм ундириш белгиланган. Ижро варақасида ундирув гаровдаги Андижон туман Терактаги маҳалласида жойлашган ер майдони 20 000 кв.м бўлган иссиқхона бино-иншоотларига қаратилиши ҳам қайд этилган.
Бюро ходимлари томонидан қарздорликни бартараф қилиш учун қонунчиликка мувофиқ қарздорга ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Шунга кўра, ижро ҳаракатлари давомида иссиқхона бино-иншоотлари электрон савдо майдончаси орқали 1,7 млрд. сўмга сотилган.
Ҳозирда, қарздорликнинг қолган қисмини ундириш бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда