Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиган шахслар рўйхати қайта кўриб чиқилади

Коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиган шахслар рўйхати қайта кўриб чиқилади

Аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этиладиган тиббиёт ва бошқа ходимларни февраль ойи якунига қадар коронавирусга қарши эмлаш масалалари бўйича қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказиш режалаштирилган, дея хабар бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Коронавирусга қарши эмлаш, жумладан, вакцинация жараёнининг ихтиёрийлиги, биринчи навбатда эмланиши назарда тутилмаган аҳоли тоифаларини эмлаш масаласи кўриб чиқилди. Шу билан бирга, вакцинация натижасида рўй бериши мумкин бўлган салбий оқибатлар каби масалалар билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни «Темир дафтар» га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклиф илгари сурилди.

Коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, дея таъкидлади депутатлар.

«Бу эса, ўз навбатида, мазкур рўйхатни адолатли тарзда қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилди», — дейилади Қонунчилик палатаси баёнотида.

Шунингдек, эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини, улардаги 457 та совуткич, 148 та электр генератор, 121 та термосумка ва термоконтейнерни шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълумотларига кўра, журналист, блогер, ОАВ ходимлари, жамоат транспорти ходимлари (метрополитен, темир йўл, аэропорт ходимлари), чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари кетма-кетликда, бепул эмланиши ҳақида хабар берилган эди.

Киритилди: 11:42 23.02.2021. Ўқилди: 1292 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!