Бугун 15 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Элит ОЧЛ. «Пахтакор» Саудиядан очко билан қайтди

Элит ОЧЛ. «Пахтакор» Саудиядан очко билан қайтди

Элит Осиё Чемпионлар лигаси 1-турида «Пахтакор» Саудия Арабистонида «Ал-Аҳли» меҳмони бўлди. Учрашув кескин ва муросасиз курашларга бой кечиб, жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Ўта иссиқ ва юқори намлик шароитида ўтган баҳснинг дастлабки бўлимида гол урилмади. «Пахтакор» ҳимояда ишончли ҳаракат қилди, бироқ ҳужумда яратилган имкониятлардан фойдалана олмади.

12-дақиқада Насруллаевнинг жарима майдончасига узатган тўпи ноаниқ зарба билан якунланди. 26-дақиқада эса Насруллаевнинг кучли зарбасига рақиб ҳимоячилари тўсиқ бўлди. «Ал-Аҳли» ҳам бир қатор ҳужумлар уюштирган бўлса-да, Назаров ўз вақтида ҳаракат қилиб, жамоаси дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Танаффусдан сўнг «Пахтакор» таркибида ўзгариш амалга оширилди: Таҳсин ўрнига Пуралиганжи майдонга тушди. 67-дақиқада эса Назаров яна бир муҳим сейв билан рақибнинг хавфли ҳужумини бартараф этди.

Учрашув охирига келиб «Пахтакор»нинг фаоллиги ошди. 68-дақиқада Ҳамдамов ва Ҳуссайн ўрнига Фламарион ҳамда Чинеду майдонга тушди. Бу алмашинувлар ўз самарасини берди.

86-дақиқада «Пахтакор» ҳисобни очди. Чинедудан узатма қабул қилган Фламарион рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб, тўпни унинг устидан ошириб қўйди — 1:0!

Бироқ «Пахтакор» ғалабани сақлаб қолиш учун озгина вақт етишмади. Асосий вақтга қўшиб берилган олти дақиқанинг учинчисида Ал-Бурайкан ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа, «Пахтакор» Элит ОЧЛ турниридаги илк учрашувини сафардаги 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунлади ва Саудия Арабистонидан бир очко билан қайтди.

Элит Осиё Чемпионлар лигаси, 1-тур

«Ал Аҳли» — «Пахтакор» — 1:1

Голлар: Ал Бурайкан, 90+3 — Фламарион, 86.

«Пахтакор»: Назаров, Саитов, Абдумажидов, Таҳсин (Пуралиганжи, 46), Насруллаев (Алижонов, 78), Мозговой, Бўриев, Ҳамдамов (Фламарион, 68), Ибрагимов, Ресан, Ҳуссайн (Чинеду, 68).

Киритилди: Бугун 06:19. Ўқилди: 653 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!