Учкўприк туманида жиноят оқибатида давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланди.
Учкўприк туман Мажбурий ижро бюроси бўлими иш юритувига жиноят натижасида давлат фойдасига етказилган зарарни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Ижро ҳужжатига асосан, қарздор Э.Г. йиллар давомида фуқароларни алдаб, уларга қонунга хилоф равишда сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари тайёрлаб бергани аниқланган. Ушбу шахс томонидан 101 нафар фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси тайёрлаб берилган.
Мазкур жиноий қилмиш натижасида давлатга етказилган зарарни ундириш мақсадида ижро ҳаракатлари бошланди.
Учкўприк туман МИБ давлат ижрочилари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда зарур ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, қарздорга нисбатан таъсир чоралари кўрилди.
Натижада қарздор Э.Г.дан давлат фойдасига 546 миллион сўм миқдоридаги зарар пули тўлиқ ундирилди.
Шу тариқа, жиноят оқибатида давлатга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланиши таъминланди.
Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳар бир ижро ҳужжати қонун доирасида ижросини топиши, давлат ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланмоқда.