2025 йил 29 октябрь куни Турк Маданияти ва Мероси фонди президенти, хоним Ақтоти Раимқулова Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси (Парламенти) томонидан Озарбайжон Республикаси Конститутциясининг қабул қилинганига 30 йил тўлганлиги муносабати билан ташкил этилган “Конститутция – замонавий дунёда давлатлар мустақиллиги ва суверенитетининг асоси” мавзусидаги халқаро парламент конференциясида нутқ сўзлади.
Тадбирнинг мақсади — конститутцияларнинг давлатларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустахкамлашдаги аҳамиятини ёритиш, шунингдек, демократик тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда конститутциявий қадриятларнинг ўрнини таъкидлаш эди.
Ўз нутқида Турк Маданияти ва Мероси фонди президенти хоним Ақтоти Раимқулова Озарбайжон халқи ва ҳукуматини ушбу муҳим сана билан табриклаб, 1995 йилда қабул қилинган Конститутция замонавий Озарбайжоннинг барқарорлиги, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун асос бўлганини, шунингдек, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустахкамлашда ҳал қилувчи рол ўйнаганини қайд этди. У, шунингдек, ушбу ҳужжат Миллий Лидер Жаноб Ҳайдар Алиевнинг доно раҳбарлиги остида яратилганини ва Президент Жаноб Илҳом Алиев раҳбарлигида амалга оширилаётган муваффақиятли ислоҳотлар туфайли янада мустахкамланганини таъкидлади.
Хоним Раимқулова 2025 йилнинг Президент Илҳом Алиев томонидан “Конститутция ва Суверенитет йили” деб эълон қилиниши мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг тўлиқ тикланишини ифодалаётганини, конститутциявий тамойилларнинг барча ҳудудларда, жумладан, Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда татбиқ этилиши Озарбайжон тарихида фахр билан қайд этиладиган воқеа бўлишини таъкидлади.
Тадбирга Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси (Парламенти) Спикери Саҳиба Гафарова раислик қилди. Конференцияда, шунингдек, Қозоғистон парламенти аъзоси Айдос Сарим, Туркия Буюк Миллат Мажлиси аъзоси Шамил Айрим, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов, Бирлашган Араб Амирликлари Федерал Миллий Кенгаши спикери Сақр Ғобаш, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши раис ўринбосари Владислав Татаринович, Италия Депутатлар палатаси аъзоси Евгенио Зоффили, Покистон Сенати раиси Сийид Юсуф Рўза Гилани, Румыния Сенати раиси Мирча Абрудян, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзоси Наталья Кувшинова, Сербия Миллий Мажлиси раис ўринбосари Йован Янчич, Тожикистон Олий Мажлиси Ваколатлилар палатаси раиси Файзали Идизода, ҳамда Глобал Бағрикенглик ва Тинчлик Кенгаши (GCTP) президенти Аҳмад Алжаров иштирок этди. Улар замонавий давлатларнинг ҳуқуқий асосларини мустахкамлаш, суверенитетни таъминлаш ва миллий мустақилликни сақлашда конститутцияларнинг ролига оид фикр алмашдилар.
Конференция доирасида меҳмонлар ва иштирокчилар Фахрий хиёбонини зиёрат қилиб, замонавий мустақил Озарбайжон асосчиси ва меъмори Ҳайдар Алиев қабрига гулчамбар қўйдилар.
Шундан сўнг улар Шаҳидлар хиёбонига йўл олиб, Озарбайжон озодлиги ва мустақиллиги йўлида жонини фидо этган қаҳрамонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, “Абадий олов” ёдгорлиги поёнига гулчамбар қўйдилар.