Бугун 24 сентябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Конституциявий суд 48 соатдан ортиқ маъмурий ушлаб туришга оид нормани конституцияга зид деб топди

Конституциявий суд 48 соатдан ортиқ маъмурий ушлаб туришга оид нормани конституцияга зид деб топди

Ўзбекистонда шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туришга имкон берувчи норма конституцияга мувофиқ эмас деб топилди. Бу ҳақда 22 сентябрь куни бўлиб ўтган Конституциявий суд мажлисида сўз борди.

Масала Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мурожаати асосида кўриб чиқилган. Омбудсман Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг конституция 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.

Мурожаатда 2025—2026-йилларда омбудсманга фуқаролардан шахсларни қонунга хилоф равишда 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш ҳолатларидан норозилик билдирилган олтита мурожаат келиб тушгани қайд этилган.

Амалдаги тартибга кўра, чегара тартибини ёки Ўзбекистон давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар баённома тузиш учун уч соатгача ушлаб турилиши мумкин.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарнинг шахси ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш зарур бўлган ҳолларда шахс ушланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокурорга ёзма равишда хабар берилган ҳолда уч суткагача ушлаб турилиши мумкин. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб туришга рухсат берилган.

Конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмига кўра, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суд қарорига кўра йўл қўйилади. Шунингдек, шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Конституциявий суд уч суткагача ёки ўн суткагача маъмурий ушлаб туриш муддатлари конституцияда белгиланган 48 соатлик муддатдан ортиқ эканига эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур нормаларда шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда муддатни узайтириш учун суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаган.

Суд масалани ҳар томонлама ўрганиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш конституциянинг 27-моддаси учинчи қисмида белгиланган кафолатларга зид деган хулосага келди.

Шу асосда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмидаги чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахсларни уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб туришни назарда тутувчи норма конституцияга мувофиқ эмас деб топилди.

Конституциявий суд, шунингдек, шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорнинг хабардор қилиниши ёки санкцияси суд қарорининг ўрнини босмаслиги лозимлигини қайд этди.

Киритилди: 23:23 23.09.2026. Ўқилди: 300 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!