Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги рақиби Конго Демократик Республикаси терма жамоаси Эбола вируси туфайли АҚШга киришда муаммога дуч келди
Қўшма Штатларнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) Эбола вируси авж олгани сабабли Конго Демократик Республикаси (КДР), Уганда ва Жанубий Суданда охирги 21 кун ичида бўлган АҚШ фуқароси ҳисобланмаган шахсларнинг мамлакатга киришини тақиқлади.
Футбол бўйича жаҳон чемпионатида К гуруҳидаги рақибларимиздан бири ҳисобланувчи терма жамоанинг Конгонинг ўзида бўлиб турган штаб аъзолари ва ходимлари АҚШга ҳеч қандай чекловларсиз кира олишлари учун пайшанба кунига қадар мамлакатни тарк этишлари талаб этилди (яъни Қўшма Штатларга учгунча 21 кунлик карантин муддатини бошқа хавфсиз давлатда ўташлари керак).
Жамоа Қўшма Штатларга 10-11 июн кунлари етиб боришни режалаштирган. Ҳозирда Конго терма жамоаси аъзолари Белгия давлатида экан.
Вазият FIFA ва чемпионат ташкилотчилар томонидан назоратга олинган. Конго Демократик Республикаси терма жамоаси ўйинчиларининг аксарияти Европа клубларида тўп суриши уларнинг турнирда қатнашиш имкониятини сақлаб қолиши мумкин, бироқ маҳаллий штаб ва тайёргарлик режалари жиддий ўзгарди.