Албатта, бу иссиққа кондиционерсиз тоқат қилиш қийин. Лекин уни кўп ва нотўғри ишлатиш жиддий муаммоларга олиб келиши тайин. Масалан:
- Организмнинг сувсизланиши. Хона ҳавоси совигач, камроқ терлаймиз, бироқ сув ичишга нисбатан хоҳишимиз ҳам пасаяди. Ташқарида юқори ҳарорат, буни билган организм эса кўп сув сўраб турган бўлади. Биз эса сув мувозанатини таъминлаб беролмаймиз.
- Томоқ ва бурун билан боғлиқ муаммолар. Кондиционерни ишлатиш натижасида пайдо бўладиган тез-тез учрайдиган касалликлар - ринит, фарингит ва ларингит. Чунки кондиционер ишлатилганда томоқ, бурун, кўзларнинг қуруқлик хавфи бир неча баробар ортади.
- Аллергия. Кондиционернинг фильтрларига эътибор бермаслик боис ҳаво микроблар ёки аллергенларга тўлади. Фильтрларни вақти-вақти билан ўзгартириб туринг, кондиционернинг сифатини ва тўғри ишлашини назорат қилинг.
- Томир тортишиши. Совуқ тананинг баъзи соҳаларида рефлектор мушак қисқаришлари юз беради. Шунинг учун тананинг маълум жойларида совуқнинг тўғридан-тўғри таъсиридан қочиш ваҳароратни тартибга солиш муҳимдир. Мутахассислар ҳароратни +24...+25ºC дан пастга туширишни тавсия этмайди.
- Терининг зарарланиши. Тер оқиши ўз-ўзидан иссиқликка қарши ҳимоя механизмидир. Кондиционердан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш бу жараённи бузади, сўнг тери реакцияларига, масалан, қичишиш ва дерматитга олиб келади. Агар тери қуруқликка мойил бўлса, кремлардан фойдаланишингиз шарт.
- Кўз қуриши. Бу айниқса линза тақадиганларга тааллуқли - улар бошқа одамларга қараганда кўпроқ кўз шиллиқ қаватининг қуруқлашишига мойил. Офис шароитида кондиционер остида ишлашга мажбур бўлсангиз, шифокор тавсияси билан кўзни намлантирувчи махсус томчилардан фойдаланинг.
- Бош оғриғи. Агар хона доимий равишда совуқ ва намлик даражаси паст бўлса, бундай атроф-муҳит ўз-ўзидан организм учун стрессдир. Совуқ босимни сақлаб туришга ёрдам беради, иссиқ эса уни пасайтиради. Агар биз муҳитни, ҳароратни ва намликни кескин ўзгартирсак, организмнинг мослашиши қийин кечади.