Колумбия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликда олти ҳафта мобайнида 225 тонна кокаинни фош этди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Колумбия ва 62 мамлакат иштирокидаги олти ҳафталик «Орион» амалиёти давомида кокаин олиб кетилаётган 6 та денгиз кемаси тўхтатилиб, жами 1 400 тонна гиёҳвандлик моддаси, жумладан, 1 000 тоннадан зиёд марихуана ва 225 тонна кокаин мусодара қилинган. Тақиқланган юкнинг бир қисми Австралияга янги наркотрафик йўналиш бўйича кетаётган сувости кемасида топилган.
Шунингдек, наркотикларга қарши амалиёт давомида қурол савдоси билан ноқонуний шуғулланувчилар ва муҳожирларни яширинча олиб ўтувчилар — 400 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.
Таъкидланишича, бу амалиёт Лотин Америкасидаги картеллар учун қақшатқич зарба бўлди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили дунёда 2 700 тонна кокаин ишлаб чиқарилади. Колумбия ҳукумати 2022 йилда 671 тонна кокаинни мусодара қилган эди.