Бугун 11 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

KFC Альп тоғларидаги чанғи учиш йўлакларида ресторанлар очади

KFC Альп тоғларидаги чанғи учиш йўлакларида ресторанлар очади

Американинг тез овқатланиш тармоғи KFC 5 декабрь куни Италия Альп тоғларидаги чанғи курортларида иккита ресторанини очишни режалаштирмоқда. Ресторанлар денгиз сатҳидан 1700 ва 2123 метр баландликда жойлашади.

Ушбу қарор маҳаллий фаоллар ва экологик ташкилотлар норозилигига сабаб бўлди. Улар тоғли ҳудуднинг янада тижоратлашуви ва анъанавий маданият ўзгаришидан хавотир билдирмоқда.

Mountain Wilderness экологик ташкилоти президенти Луиджи Казанова анъанавий Альп таомлари ўрнига Америка фастфуд тармоғининг кириб келишини танқид қилди.

Италиянинг маданий меросни муҳофаза қилиш ташкилоти Italia Nostra вакили Мануэла Бальдракки эса Италия Альп тоғлари «аста-секин кўнгилочар истироҳат боғига айланиб бораётгани» ҳақида огоҳлантирди.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳудуд аллақачон оммавий туризм, баланд мусиқа ва турли кўнгилочар тадбирлар оқибатида босим остида қолмоқда.

Трентино минтақавий парламенти депутати Паола Демагри KFC ресторанларининг очилишини «маҳаллий ўзига хосликка таҳдид» деб атади.

Унинг фикрича, сайёҳлар Альп тоғларига Америка савдо марказининг «нусхаси»ни эмас, балки бетакрор табиат ва анъанавий миллий таомларни кўриш учун келишади.

Киритилди: 22:26 10.11.2026. Ўқилди: 232 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар