Бугун 20 ноябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

«Катта йигирмалик» муҳим талаб билан чиқди

«Катта йигирмалик» муҳим талаб билан чиқди

«Катта йигирмалик» (G20) давлатлари етакчилари Ғазо сектори ва Ливанда ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. Ушбу талаб Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган саммит якунида қабул қилинган декларацияда илгари сурилган.

Фаластиннинг қамал остидаги эксклавида ҳалокатли вазият юзага келганидан хавотир изҳор қилган сиёсий етакчилар узил-кесил оташкесимга келиш ва фуқароларнинг ўз уйига қайтиши учун шарт-шароит яратиш лозимлигини таъкидлаган.

«Биз инсонпарварлик кўмагини кўпайтириш ва тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилиш борасида кучли эҳтиёж мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, инсонпарварлик кўмаги тўлиқ етказилиши йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлашни талаб қиламиз», – дейилади декларацияда.

G20 етакчилари фаластинликлар ҳам ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга экани, зиддиятнинг ечими икки давлат тамойилида эканини уқтирган.

Ғазо секторида уруш бошланган 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида 43922 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 103898 нафари жароҳатланган.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли аҳоли бомбалар, очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар туфайли ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

БМТ жорий йил июнь ойида эълон қилган суриштирувда Ғазо секторида аҳоли, хусусан, болалар қасддан қириб ташланаётгани баён қилинган.

«Катта йигирмалик» етакчилари Ливанда тинчлик ўрнатиш муҳимлигини ҳам қайд этган.

Аввалроқ Ливан бош вазири Нажиб Миқотий мамлакатга Исроил ҳужумлари оқибатида 8,5 миллиард доллар моддий зарар етказилганини маълум қилганди.

2023 йил 8 октябрдан буён Исроил армияси ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Ўтган бир йил ичида Исроилнинг Ливанга ҳужумлари оқибатида 3516 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 902 нафари аёллар ва болалардир.

Муттасил авиаҳужумлар оқибатида юз минглаб аҳоли уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

БМТ Ливандаги вазият юзасидан ташвиш билдириб келмоқда.

G20 давлатлари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича конструктив ташаббусларни ва БМТ Устави доирасидаги таклифларни ҳам олқишлаган.

БМТ маълумотларига қараганда, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 2022 йил 24 февралдан буён 12162 нафар украиналик тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

«Катта йигирмалик» саммити мобайнида ядро қуролидан холи дунё ғоясини рўёбга чиқариш, иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш, глобал қашшоқликка қарши биргаликда курашиш лозимлиги ҳам таъкидланган.

Киритилди: Бугун 01:01. Ўқилди: 793 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!