Польша президентлиги сайловида ғалаба қозонган Кароль Навроцкий расман мамлакат президенти лавозимига киришди. Унинг инаугурация маросими 6 август, чоршанба куни парламентнинг қуйи палатаси – Сеймнинг умумий мажлислар залида бўлиб ўтди. Тантанали маросимни TVP Info телеканали жонли эфирда намойиш этди, деб хабар берди ТАСС.
Конституцияга мувофиқ, Навроцкий Миллий мажлис – Сейм ва Сенат депутатлари олдида қасамёд қилди.
Инаугурацияни ташкил этиш учун масъул бўлган Сейм раиси Шимон Холовня Кароль Тадеуш Навроцкийнинг Польша Республикаси президенти лавозимига Миллий мажлис олдида қасамёд қилганини тасдиқлади.
Анъанага кўра, маросимда Сейм ва Сенат депутатлари, ҳукумат аъзолари (жумладан, бош вазир Дональд Туск), дин арбоблари, қуролли кучлар ва турли мамлакатлар дипломатлари иштирок этди. Польша Республикасининг собиқ президенти (1990–1995), Нобель мукофоти соҳиби Лех Валенса маросимга келмади. Бироқ тантанали тадбирда Навроцкийга мухолиф сиёсий лагерь вакиллари – собиқ президентлар Александер Квасьневский (1995–2005) ва Бронислав Коморовский (2010–2015) қатнашди.
Мухолифатдаги «Қонун ва адолат» партиясининг қўллаб-қувватлаши билан номзоди илгари сурилган Навроцкий Польшада 18 майдан 1 июнгача бўлиб ўтган икки босқичли президент сайловида ғалаба қозонди. Иккинчи босқичда уни сайловчиларнинг 50,89 фоизи қўллаб-қувватлади.
Польшада президент сайловлари ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. Бир шахс ушбу олий лавозимни кетма-кет икки муддатдан ортиқ бажара олмайди.