Бугун 17 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Кападзе Катанецнинг мураббийлар штабини сақлаб қоладиган бўлди

Кападзе Катанецнинг мураббийлар штабини сақлаб қоладиган бўлди

Темур Кападзенинг «Гол» кўрсатувидаги интервьюсини кўриб, у нега Катанец штабини олиб қолгани мен учун тушунарли бўлди.

«Чақирилмаган футболчилар ҳақида улардан сўрадим» - деди у, - «нега фалончи чақирилмади, мана бу футболчининг ўйнамаганига сабаб нима, қизиқдим»

Албатта, тўрт йилга яқин терма жамоада ишлаган штабда жуда катта маълумотлар базаси бор, қандайдир йўл босиб ўтилган. Улар Кападзега ҳисобот шаклида нимадир тақдим этишиям мумкин эди, аммо ҳозир вақт шу даражада қисқаки, ҳар бир масала юзасидан Кападзеда шахсий қараши, хулосаси шаклланиши учун етмайди. Демак, у баъзи масалаларда штабнинг фикрини олиши, ҳозирча, ўша хулосалар билан иш юритиб туриши мантиқли. Энди расмий ўйиндан уч кунгина олдин йиғиладиган жамоа билан Темур бўш қоғозда иш бошлагандан кўра, Катанецнинг қораламаларига таянишга мажбур. Штаб эса тайёр жонли ёрдамчи, Кападзе исталган дақиқада, исталган саволини бериши, тайёр хулосалар билан қандайдир қарорларни қабул қилиши мумкин.

«Мен ҳаммасини ўзгартирмайман. Футболчилар ҳам эртага келиб, умуман бошқа муҳит, тизим, бошқа талаблар остига келиб қолиши ҳалақит қилади. Кўраман, нимани яхши томонга ўзгартириш мумкин, нима ўзи шундоқ яхши, қолдирсак бўлади, нимани ўзгартириш керак, аммо ўйингача вақт етмайди, кейинга режа қилинади, барчасини кўриб чиқамиз» - деди Темур Кападзе.

Клуб бошқача ишлайди, мураббий ўз штаби билан келиб, тайёр футболчиларни машғулотлар орқали ўрганиб, ўйинга тайёрлайди. Дастлабки ўйинларда босим бўлмайди ҳам, вақт берилади.

Аммо ҳозирги шароитимизда Кападзенинг ўзи ҳамма саволларга жавоб топа олмайди. Бирор машғулотсиз таркиб йиғиши, уларни ўйинга тайёрлаши шарт. Табиийки, у баъзи масалаларда тўғрими, нотўғрими, тайёр жавоблардан фойдаланиб, шунинг устига режа тузади. Жавоблар эса Катанецнинг штабида бор.

Штабнинг қолиши Катанец услуби давом этишини билдирмайди. Кападзе ўз услубини қуришда улардан фойдаланади холос.

Қаҳрамон Асланов.

Киритилди: 22:42 05.02.2025. Ўқилди: 1197 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!