Канада Исроилдан Ғазо секторига кетаётган флотилияда ҳибсга олинган фаолларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилди.
Канада Бош вазири Марк Карни Исроил президенти Исаак Герцог билан суҳбатда тинч аҳолига, жумладан, Канада фуқароларига нисбатан муносабатни "ғазаблантирувчи" ва "қабул қилиб бўлмайдиган" деб атади.
Карни шунингдек, Ғазодаги вазиятни "ҳалокатли" деб таърифлади ва Канаданинг Исроил аҳоли пунктларини кенгайтиришга, Ғарбий Соҳилда кўчманчиларнинг зўравонлигига ва Фаластин фуқароларига қилинган ҳужумларга қарши эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Канада ташқи ишлар вазири Анита Ананд исроиллик ҳамкасби Гидеон Саар билан суҳбатда канадаликларга нисбатан зўравонлик далилларини Исроилга топширишга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳибсга олинган Канада фуқароларига консуллик киришини рад этиш Вена конвенциясини бузади.
Флотиля ташкилотчилари озод қилинган фаоллар зўравонликка учраганини, уларнинг баъзилари касалхонага ётқизилганини даъво қилмоқда. Исроил қамоқхона хизмати бу айбловларни рад этди.
Саар ўз навбатида намойишчилар Ҳамас ҳаракатидан илҳомланганини даъво қилди ва Оттавани Канададаги антисемитизм ҳодисаларига қарши фаолроқ курашишга чақирди.