Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси вице-президенти Лю Шэнчэн бошчилигидаги компания вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Хитой компанияси иштирокида Фарғона вилоятида Қуёш фотоэлектр станцияси қуриш, “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш, ижтимоий объектлар, шу жумладан, мактаблар ва тиббиёт муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ёки капитал реконструкция қилиш, Экошаҳар ҳудудида 25 қаватли тураржой мажмуалари барпо этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг яқинда Хитойга бўлган амалий ташрифи давомида “CAMC Engineering” компаниясини ўз таркибига олувчи Хитой миллий машинасозлик саноати корпорацияси – “SINOMACH” раҳбарияти билан ўтказилган самарали музокараларнинг давоми бўлди.
– Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида жадал иқтисодий ривожланиб бораётгани хорижий сармоядорлар, хусусан, Хитой сармоядорлари учун катта инвестицион жозибадорлик касб этмоқда, – дейди Лю Шэнчэн. – Ҳақиқатдан ҳам юртингизда инвестициявий, иқтисодий улкан салоҳият бор.Компаниямиз Ўзбекистон ҳудудлари орасида Фарғона вилоятида асосий лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутмоқда.
Компания томонидан Бешариқ туманида барпо этиш режалаштирилаётган 500 мВт қувватли, лойиҳа қиймати 300 миллион доллар бўлган Қуёш фотоэлектр станцияси бўйича ўз фикрларини билдирган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тунги электр таъминотида камайиш бўлмаслигининг олдини олиш мақсадида бундай лойиҳалар энергия сақлаш батарея станциясини ҳам ўз ичига олиши лозимлигини қайд этди. Бу борадаги лойиҳада мавжуд инновацион Хитой тажрибаларини татбиқ этиш имкониятлари ҳам ўрганиб чиқиладиган бўлди.
“Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам амалий ишларга кирилиши белгилаб олинди, бу мақсадда ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳ лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқади.
“Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш ҳамда ижтимоий объектларни лойиҳалаш, қуриш ёки капитал реконструкция қилиш лойиҳаларига “CAMC Engineering” воситаси билан Хитой Эксимбанкининг узоқ муддатли ва арзон фоизли кредит линияларини жалб қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда.
Келгуси ой бошларида Хитой Эксимбанк раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи давомида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Эксимбанк раҳбари билан бу лойиҳаларни молиялаштириш шартлари бўйича муҳокама учрашуви ўтказилиши белгилаб олинди.
Тошкентда Олимпия шаҳарчаси лойиҳасини амалга ошираётган “CAMC Engineering” компанияси томонидан Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида 25 қаватли турар-жойлар мажмуасини барпо этиш лойиҳаларига ҳам киришиладиган бўлди.
Ўзининг архитектура компаниясида 3500 нафардан зиёд меъморни жамлаган “CAMC Engineering” ҳозирги кунда Тошкент Янги шаҳар концептуал бош режасини ишлаб чиқишга ҳам киришаётганини билдирган Лю Шэнчэн Фарғона вилоятида ҳам бундай лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини айтди. Қўқон шаҳрида барпо этиладиган янги шаҳарча лойиҳаси бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.