Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси Андрей Портнов Мадриддаги ўз ўлимидан бир неча кун олдин Украинада бўлган.
Бу ҳақда 23 май, жума куни "Украинская правда" ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг уч нафар ишончли манбаси маълум қилишича, Портнов 17−18 май кунлари Украинага ташриф буюрган ва куч тузилмалари фаолиятига масъул юқори лавозимли амалдорлар билан учрашган.
Эслатиб ўтамиз, Андрей Портновнинг қотиллик ҳодисаси 21 май куни Мадридда содир бўлди. 51 ёшли Портновни Мадриднинг нуфузли Посуэло туманидаги Америка мактаби дарвозаси олдида номаълум қуролланган шахс отиб кетди. Испаниянинг Cadena SER радиостанцияси хабарига кўра, воқеа жойига етиб келган тиббиёт ходимлари эркакнинг жароҳатлардан вафот этганини тасдиқлашди. Унга бир нечта ўқ отилгани, жумладан, тўртта ўқ кўкрак соҳасига ва битта ўқ бошига теккани ҳақида маълумотлар тарқалди.
22 май куни Испаниянинг "El periodico" нашри полициядаги ўз манбаларига таяниб, Портновга калта стволли қуролдан боши ва орқасига учта ўқ теккани ҳақида хабар берди. Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси болаларини мактабга олиб боргач, машинасига ўтирмоқчи бўлган пайтда қотил унга қарата ўқ узган.