Бугун 7 декабрь, 2019 йил, шанба

O'ZB

Журналист Муҳаммаджон Обидов: "Ҳаммаси ёлғон, бўҳтон ва туҳмат"

Журналист Муҳаммаджон Обидов: "Ҳаммаси ёлғон, бўҳтон ва туҳмат"

"Ҳурматли ФБдошлар!

Чет элда хизмат сафарида бўлганим, арафа куни қайтиб келгач эса бандаликни адо этган укамнинг маросимлари билан банд бўлганим учун ФБга энди кирдим ва менинг шаънимга ёғдирилган туҳматларни ўқиб чиқдим.

Улар юзасидан шуларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, Азим Рўзиев “Усмоновнинг олтинлари” деган қисса муаллифи Мусулмон Намозовнинг рухсати билан қўлёзмадаги мен ҳақимда ёзилган саҳифаларни ФБда эълон қилган. Кейинчалик уни бир неча интернет сайтлари (масалан  aniq.uz…) кўчириб қайта тарқатган.

Мен Мусулмон Намозов билан шахсан таниш эмасман. Унинг номидан эълон қилинган саҳифаларда менинг Боткен ва Сариосиёдаги репортажларим воқеа жойидан гўё 100 километр нарида тайёрлангани, Ўзбекистон Президенти мени сўккани ва х.к ҳақида сохта воқеликлар ўйлаб топилган. Ҳозирдан шуни айтмоқчиманки, буларнинг барчаси ёлғон, бўҳтон ва туҳматдир. Мен Мусулмон Намозовдан Азим Рўзиев эълон қилган “маълумот”ларни шахсан ўзи ёзганини тасдиқлатиб олганимдан сўнг муаллифга батафсил муносабат билдираман.

Иккинчидан, ФБ ва телеграмдаги “кучли журналистлар давраси” каналида менинг шаънимга туҳмат бўлган гаплар эълон қилинган. Масалан, гўё кимнингдир аммаси айтишича,  ҳаж ҳақида кўрсатув дискини бераман деб пул олган, бир отахоннинг айтишича, ўқишга кирмоқчи бўлган водийликка ўртакаш бўлиб товламачилик жинояти содир этган, университетни тугатиб, шу ерда “профсоюзда қолган, кейин лаборант бўлиб ишлаган, комсомол секретари бўлган” ва ҳ.к. айбловлар айтилади.

Мен ҳеч қачон ҳеч кимга ҳаж ҳақидаги кўрсатув дискини бераман деб ваъда қилган эмасман, пул ҳам олган эмасман. Кўрсатув бир неча бор марказий ва маҳаллий ТВларда намойиш этилган ва уни кўчириб олиш мушкул эмасди. Қолаверса, “Зиё студияси” ҳар бир ҳожига сафар лавҳалари туширилган диск берган ва унинг хизмати ҳаж ҳаражатлари ичида бўлган.

Мен биронта болани ўқишга киришига воситачилик қилмаганман ва бунинг учун жавобгарликка тортилмаганман.

Университетни 1973 йилда тугатганман. Лекин у ерда бир минут ҳам ишламаганман, ишлашга имкон ҳам йўқ эди. Чунки мен ҳали талабалигимдаёқ Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студиясига кичик редактор  вазифасига ишга қабул қилингандим.

Хуллас барча иддаолар ёлғон, бўҳтон ва туҳмат.

Ҳақли бир савол туғилди. Хўш нега айнан сизга нисбатан туҳмат компанияси бошланди, деган. Мен адашган бўлай, аммо менимча бунинг остида аввало ҳасад, кўролмаслик ва тарафкашлик турибди.

Сўнгги ойлар ичида мен учун жуда кўп хурсандчиликлар рўй берди.

Биз мамлакатда биринчи бўлиб, Фарғонада республикамизнинг саккиз вилояти ва “Озодлик” радиоси, БиБиСи, “Америка овози”, “Анадоле”, “Дунё ўзбеклари” каби ОАВлари мухбирлари иштирокида яратилган мулоқот майдонида баҳс-мунозара ташкил қилолдик.

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси уюшма вилоят бўлимида расман қабул қилинди ва икки мамлакат ОАВлари ўртасида ижодий муносабатлар ўрнатиш масалалари муҳокама этилди.

150 нафар Афғонистонлик ўзбек ёшлари ўртасида “Мен нима учун севаман Ўзбекистонни” деган мавзуда иншо танлови ўтказдик ва икки нафар ғолибни касб байрамимиз куни Фарғонага чақирдик (бунда келиб – кетиш билан боғлиқ барча ҳаражатни зиммамизга олдик). Уларга вилоят аҳли билан танишиш имконини яратдик. Ҳозир Афғонистон матбуотида Фарғона ҳақида 3 та мақола чоп этилди.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида 11 нафар журналистни Умра сафарига олиб бордик. Ибодатларни адо этгач, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг 14 та энг оммавий ОАВлари раҳбар ҳамда журналистлари билан ижодий учрашув ўтказдик. Уларга аввалдан араб тилида тайёрлаб олиб борган мақолаларни бердик ва ҳозиргача 6 таси чоп этилди. Уларнинг бири 27 та араб давлатига тарқатиладиган “Ал-Ямама” журнали эди.

ХХРнинг кўрсатувлари 170 та давлатда қабул қилинадиган ССТV-4 телеканали 11 нафар журналистини Фарғонада кутиб олдик ва ҳамкорликда 5 та кўрсатув тайёрладик. Апрел-май ойлари улар ССТV-4 орқали намойиш этилди.

Дунёнинг 17 та мамлакатидан, улар қаторида АҚШ, Канада, Франция, Италия, Туркия, Япония, Австралия… 27 нафар журналистни Шинжонга ислоҳотлар ва қайта тарбиялаш, касб ўргатиш марказлари билан танишишга юбордилар. Мени ҳам таклиф этишганди. Сафар ҳақидаги мақолам эълон қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг умумий йиғилишида мени бўлим раислигига яна қайта сайладилар.

ЎзАда чоп этилган икки мақолам юз мингга яқин марта ўқилибди. У узоқ вақт энг кўп ўқилган мақолалар рўйхатининг энг юқорисида турди.

Эшитишимча, мамлакат олий раҳбарияти иштирокидаги нуфузли йиғилишлардан бирида менинг номим ҳурмат билан тилга олинибди…

Москва ва Санк-Петербург шаҳарларида журналистика муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар бўлиб ўтди ва унга мени таклиф қилдилар. Конференциядаги маърузаларим рус ва инглиз тилларида чоп этилди.

Сал аввалроқ “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил”, “Мен кўрган дунё” каби навбатдаги китобларим университет илмий кенгаши қарори билан журналистика факультети талабалари учун амалий қўлланма сифатида тавсия қилиниб чоп этилган эди. Алишер Навоий номли кутубхона ташаббуси билан уларнинг тақдимоти  бўлиб ўтди.

“Фарғона пресс клуби” ни ташкил этдик ва унинг сессияларида кўтарилган долзарб мавзулар муҳокамасини телетамошабинлар қўллаб-қувватладилар.

Қисқа муддатда шунча воқеалар… Лекин улар қалбимга қувонч билан бирга хавотир ҳам олиб кирди. Чунки биз эришган натижалар ҳаммага ҳам ёқмасди. (Аслида ҳаммага ёқишнинг иложи ҳам йўқ!) Ғанимлар, ҳасадгўйлар бир нималар ўйлаб топмаса эди яна, деган шубҳа ҳамиша  хаёлимда турган. Чунки улардан авваллари ҳам кўп азият чекканман. Масалан, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олганимда, Ўзбекистон Олий Мажлисига депутат этиб сайланганимда, вилоят ҳокими қаршилигига қарамай бир жиддий масалада ҳақиқатни ёзганимда…

Ўшанда қанча умрим, соғлиғим, вақтим ўзимнинг ҳақлигимни исботлаш, туҳматчилар жазосини олишига эришиш учун курашишга сарф бўлганди.

Мен фаришта эмасман. Етмиш ёшни қоралаяпман. Ҳаётда камчилик, балки хатога ҳам йўл қўйганман. Ва бунинг учун ўз вақтида жазосини ҳам олдим. Аммо оллоҳ шоҳид, ҳеч қачон қаламга, касбимга, журналистикага хиёнат қилган эмасман. Бир умр холис ва адолат билан қалам тебратдим.

Оллоҳ барчамизга инсоф берсин".

Муҳаммаджон Обидов

Киритилди: 16:22 14.08.2019. Ўқилди: 2980 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!