Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти келаси баҳорга қадар Европанинг 53 мамлакатида 700 мингдан ортиқ киши коронавирусдан вафот этиши мумкинлигини маълум қилди.
Марказий Копенгагенда жойлашган ЖССТ бош штаб-квартираси одамларни вирус тарқалишининг олдини олиш учун эмланиш, тўғри гигиена ва ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилишга чақирмоқда.
Минтақадаги 53 давлатда жами ҳаётдан кўз юмганлар сони 2 миллиондан ошиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилиб, 60 ёшдан ошганлар ва соғлиқни сақлаш ходимларига "қўшимча кучайтирилган доза" берилиши кераклиги таъкидланди.
"Вазият жуда оғир"
"Бугун Европа ва Марказий Осиёда COVID-19 билан боғлиқ вазият жуда оғир. Бизни қийинчиликларга бой қиш мавзсуми кутмоқда, аммо умидсиз бўлмаслигимиз керак, чунки ҳукуматлар, соғлиқни сақлаш расмийлари, инсонлар, барчамиз пандемияни тўхтатиш учун қатъий чоралар кўришимиз мумкин", — деди ЖССТ Европа директори Др. Ханс Клуге.
БМТ ташкилотининг Женевадаги штаб-квартираси аввалроқ вакцинация жараёнида қийналаётган ривожланаётган мамлакатларга мурожаат қилган эди.
Ўтган ҳафтада Европа минтақасида COVID-19 туфайли ўлимлар кунига тахминан 4,200 тагача кўтарилди. Минтақада жами ўлимлар сони эса 1,5 миллионга етди.
Ўлим даражаси нега ортмоқда?
ЖССТ Европа митақасида ўлимнинг кўпайишига туртки бўлган омилларни қуйидагича санаб ўтди: вируснинг ўта юқумли делта варианти, ниқоб тақиш ва баъзи жойларда ижтимоий масофани сақлаш каби чекловларнинг юмшатилиши ҳамда Европа аҳолисининг катта қисми эмланмаганлиги кабилар.
ЖССТ штаб-квартираси 2022 йилнинг 1 мартигача 25 та давлатда ётоқхонали шифохоналар ва 49 та давлатда интенсив терапия бўлимлари етишмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, келаси йилнинг баҳорига қадар ўлимлар сони 2,2 миллиондан ошишини тахмин қилди.