Жорий йилнинг 23 декабридан 29 декабригача бўлган даврда Uzbekistan airways авиакомпанияси томонидан қўшимча 17 та авиақатнов амалга оширилади.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов маълум қилди:
Тошкент – Нукус – Тошкент, Тошкент – Урганч – Тошкент йўналишларидаги қатновларда кичик фюзеляжли Airbus A-320 лайнерлари кенг фюзеляжли Boeing 767 русумли ҳаво кемаларига алмаштирилади.
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан жорий йилнинг 22 декабрь кунидан 2024 йилнинг 7 январь кунига қадар қўшимча йўловчи поездлар (жами 58 та рейс) ҳамда қўшимча вагонларнинг йўлга қўйилиши натижасида, қишқи таътил даврида 50 240 нафар йўловчини қўшимча ташиш имконияти яратилади.
Тошкент шаҳрини бошқа вилоятлар билан боғловчи 44 та шаҳарлараро йўналишларда 276 та автобуслар бириктирилган бўлиб, байрам арафасида ушбу автобусларнинг барчаси тўлиқ фаолият олиб бориши таъминланади.
“Янги йил” байрами муносабати билан “Тошкент” ва Абу Сахий автовокзалларидан ҳамда худудий автовокзаллардан кунлик график асосида қатновчи рейслардан ташқари қўшимча рейслар ташкил қилинади.
2023 йилнинг 20-31 декабрь ҳамда 2024 йилнинг 1-7 январь кунлари 381 та қўшимча рейслар орқали 18 669 та йўловчиларга хизмат кўрсатилади.
Транспорт назорати инспекциясининг 195 нафар инспекторлари Республикадаги ҳар бир туманга бириктирилган бўлиб, улар томонидан байрам кунларида тадбиркорлик субъектлари (таксилар) йўл кира нархларини сунъий равишда ошириб юбормаслик бўйича доимий равишда тушунтириш ишлари ҳамда назорат тадбирлари олиб борилади.