Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганига бир йилдан ошди. Бу ерда 31 та маданий мерос объекти бор: Ўзбекистонда 15 та, Тожикистонда 9 та, Туркманистонда 7 та.
Лекин соҳа мутасаддиларида ҳам, ҳокимларда ҳам 3 та давлатдан ўтган бу тарихий йўналиш салоҳиятидан фойдаланиш бўйича бирорта таклиф йўқ. Масъулларга бу йўналишда янги туризм маршрутини ишлаб чиқиб, кенг тарғиб қилиш топширилди.
"Туризмда олий таълимни 4 йилдан 3 йилга камайтириб, дуал тизимга ўтказдик. Нима учун? Ёшлар кўпроқ амалий билим олиб, тажриба орттириши керак", — деди Президент.
Масалан, Тошкентдаги Сингапур менежмент институти олийгоҳ ҳудудида 10 қаватли меҳмонхона туризм кластери ташкил қилмоқда. Йилига 200 нафар талаба, 300 нафар ўқитувчи меҳмонхона бошқаруви, маркетинг каби йўналишда амалиёт ўташ ва малака ошириш имконига эга бўлади.
Дуал таълим бўйича ҳудудларда ҳам яхши тажрибаларни кўпайтириш, жорий йилда 500 нафар талабани туризм бўйича амалиёт ўташ ва ишлашга юбориш муҳимлиги таъкидланди.