Хонанда Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Унда айтилишича, Абдуссамий тахаллуси билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли “Яхшимасми” ҳамда “Эртага борамизми” номли шеърлари муаллифнинг рухсатисиз ижро этилгани ҳолати юзасидан ҳуқуқий чора кўрилишини сўраб қилинган мурожаат Адлия вазирлиги томонидан ўрганилиб чиқилди.
Ўрганиш мобайнида таниқли ижодкорлар Райҳон Ғаниева ижросидаги “Яхшимасми” ҳамда “Саҳар” гуруҳи солисти Анвар Жўраев томонидан ижро этилган “Эртага борамизми” номли қўшиқларининг шеърлари, бастакор Шаҳбоз Носиржонов томонидан муаллиф рухсатисиз фойдалангани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнабод туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида — 750 000 сўм жарима жазоси тайинланди.