Бугун 17 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Жиззах вилояти халқаро конференция ва пресс-турга мезбонлик қилди

Жиззах вилояти халқаро конференция ва пресс-турга мезбонлик қилди

Куни кеча Жиззах вилояти яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатларда базальт ишлаб чиқаришни ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Форум ишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, вилоят ҳокимликлари ҳамда қатор илмий-тадқиқот институтлари профессор ва олимлари иштирок этдилар.

Дастлаб иштирокчиларга базальт асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳамда кластер имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Компания йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола тайёрлаб, унинг асосида 42 турдаги инновацион маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Қизиғи шундаки, бу маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Полша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимизда минерал тола ишлаб чиқариш учун 345,9 миллион тонна хомашё заҳирасига эга 17 та базальт кони аниқланган. Уларнинг 82 фоизи ўзлаштиришга берилган бўлса, қолганлари бўйича ишлар давом этмоқда. Хусусан, Жиззах (30,3 млн тн), Қорақалпоғистон (2,2 млн тн), Навоий (2,6 млн тн), Наманган (310,6 млн тн) ва Самарқанд (0,2 млн тн) вилоятларидаги конлар бу соҳадаги энг йирик манбалардан ҳисобланади.

Форум доирасида базальт асосидаги қурилиш материалларининг келгуси истиқболлари муҳокама қилинди. Маҳсулот сифатини ошириш, лаборатория синовлари ва сертификатлаш, логистика масалалари юзасидан фикр алмашилди. Жаҳон стандартлари, илғор технология ва замонавий ускуналар тақдимот қилинди.

Олимлар томонидан базальт маҳсулотларининг физик-механик хусусиятларини янада кучайтириш бўйича берилган таклифлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу орқали фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти яна бир бор намоён бўлди.

Анжуманда йирик буюртмачилар, қурилиш компаниялари, лойиҳалаш институтлари ҳамда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этди. Улар учун форум фойдали маълумотлар, самарали битимлар ва қимматли мулоқотларга бой кечди.

Тадбир доирасида ОАВ ва жамоатчилик учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар ва олимлар базальтдан қурилиш материаллари тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Жиззахда бўлиб ўтган ушбу халқаро форум нафақат базальт саноатини ривожлантириш, балки Ўзбекистоннинг инновацион қурилиш материаллари соҳасидаги улкан салоҳиятини намойиш этди.

Киритилди: 15:26 16.09.2025. Ўқилди: 622 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!