Жибути қирғоқлари яқинида Яман томон кетаётган муҳожирлар қайиғи ағдарилиши оқибатида камида 139 киши, жумладан, 15 нафар бола ҳалок бўлди. Яна 84 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда «Рейтер» агентлиги БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, 305 нафар кишини олиб кетаётган қайиқ 9 октябрь куни кечаси Жибутининг Обок порт шаҳри яқинида ағдарилган. Ҳодиса оқибатида 82 киши омон қолган. Уларнинг барчаси Эфиопия фуқаролари экани айтилмоқда.
Халқаро миграция ташкилотининг Жибутидаги миссияси раҳбари Александр Куассакнинг маълум қилишича, ташкилот ходимлари маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда ҳодиса жойида ишламоқда ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатмоқда.
Жибути расмийлари қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Омон қолганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ҳалок бўлганларни дафн этиш чоралари кўрилмоқда.
Муҳожирлар Африка шохидан Форс кўрфазидаги бой мамлакатларга олиб борувчи Шарқий йўналиш орқали Яманга йўл олган. «Рейтер» қайд этишича, минтақадаги, жумладан, Эфиопиядаги қуролли можаролар ушбу йўналишдаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда Шарқий йўналишда 900 нафардан ортиқ муҳожир ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Шу даврда мазкур йўналиш бўйича сафарга чиққанлар сони 18 фоизга ошган.