Франция футболи яна бир ёрқин истеъдодини йўқотиши мумкин. Жазоир футбол федерацияси Франция терма жамоаси сардори Килиан Мбаппенинг укаси - 18 ёшли Итан Мбаппени айнан Жазоир терма жамоасини танлашга кўндириш устида фаол иш олиб бормоқда.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, музокаралар бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда. Франциянинг "Лилль" клуби шарафини ҳимоя қилаётган Итан ҳозирча Франция терма жамоаси сафида дебют қилгани йўқ, бу эса онасининг юрти шарафини ҳимоя қилиш имкониятини беради.
Қизиғи шундаки, иккала ака-уканинг ҳам отаси асли камерунлик, демак, Итан назарий жиҳатдан учинчи мамлакатни ҳам танлаши мумкин. Аммо айни дамда айнан Жазоир ёш ярим ҳимоячига асосий даъвогар бўлиб турибди.
Итан Мбаппе ёш бўлишига қарамай, "ПСЖ" сафида Франция чемпионлигини қўлга киритишга улгурган ва ўйин амалиётига эга бўлиш учун "Лилль"га йўл олганди.
Унинг акаси - Мадриднинг "Реал" клуби юлдузи ва Франция терма жамоаси сардори Килиан Мбаппе миллий терма жамоа тарихидаги энг сермаҳсул футболчилардан бири ҳисобланади.