Жапаров бу таклифларни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси умумий мунозараларида билдирди. Унинг таъкидлашича, Украина, Эрон, Судан ва Фаластин атрофидаги можаролар халқаро вазият мураккаблигини кўрсатмоқда.
Қирғизистон президенти Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш доирасида Африкага иккита, Лотин Америкасига эса битта доимий ўрин ажратишни таклиф қилди. Шунингдек, доимий аъзоликка даъво қилаётган бошқа давлатларнинг мурожаатларини ҳам кўриб чиқиш зарурлигини айтди.
Жапаров БМТ қарорлари ва давлатлар зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишини акс эттирувчи очиқ реестр яратиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Унинг фикрича, қарорларни мунтазам равишда бажармаслик ҳолатларида огоҳлантиришдан тортиб, Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашида масалани кўриб чиқишгача бўлган чоралар қўлланилиши керак.
Шунингдек, Жапаров йирик давлатлар томонидан бир томонлама санкциялар босим воситаси сифатида қўлланилишига қарши чиқди.
«У ёки бу давлатга санкция жорий этиш ҳуқуқи, бизнинг фикримизча, фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига берилиши керак», — деди у.
Қирғизистон президенти БМТ ҳомийлигида санкцияларни назорат қилиш ва уларни мунтазам қайта кўриб чиқиш бўйича ягона халқаро механизм яратишни ҳам таклиф қилди.
Жапаров, шунингдек, Қирғизистон 2027–2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзоси сифатида ўз ташаббусларини расман илгари суришини маълум қилди.