Жанубий Кореянинг коррупцияда айбланаётган собиқ биринчи хоними 15 йилга қамалиши мумкин — Reuters.
Хабар берилишича, 3 декабр куни Сеулда Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними Ким Гон Хига қарши суд мажлиси бўлиб ўтди. Жанубий Корея прокуратураси коррупция ва бошқа жиноятларда айбланган собиқ биринчи хоним учун 15 йиллик қамоқ жазосини талаб қилмоқда.
"Ким Гон Хи жорий йилнинг 12 август кунидан буён тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Прокуратура уни 2009-2012 йилларда Deutsche Motor компаниясининг акциялари билан боғлиқ фирибгарликда, қимматбаҳо совғалар қабул қилиш ҳамда парламент сайловларида номзодларни танлаш жараёнига ноқонуний аралашишда айбламоқда", дея ёзмоқда Reuters.
Унинг турмуш ўртоғи, Юн Сок Ёл, ўтган йилнинг декабр ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этганидан сўнг лавозимидан четлатилган ва ҳозирда ҳибсда. Юн давлат тўнтаришига уринишда айбланиб судланмоқда, бу эса умрбод қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига олиб келиши мумкин.