Бугун 28 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Жанубий Корея Украинага қурол етказиб беришдан бош тортди

Жанубий Корея Украинага қурол етказиб беришдан бош тортди

Бу ҳақда маҳаллий SBS телеканали хабар бермоқда.

Сеулга ташриф буюрган Украина Мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилигидаги Украина делегацияси Корея Республикаси президент билан учрашди. Умеров ушбу учрашувда Корея қуроллари, жумладан, “Чҳонгун” ўрта масофага мўлжалланган “ер-ҳаво” таснифидаги ракеталари, артиллерияга қарши радарлар ва 155 мм ўлчамли ўқ-дориларни сотиб олиш истагини билдирди.

Корея расмийлари уруш бўлаётган ҳудудга қурол сотиш мамлакат қонунларига зид эканлигини маълум қилди. Шунингдек, Жанубий Корея 2030 йилгача бўлган давр учун етарли ҳарбий ишлаб чиқариш таъминотга эга эмаслиги билдирилди.

"Сеулнинг Киев томонидан билдирилган таклифни рад этишига сабаб АҚШ президентлигига Украинадаги урушни тугатишга ваъда берган Трампнинг сайлангани бўлиши мумкин. Қўшма Штатларнинг сайланган президенти билан ҳамфикр бўлмасдан Украинага ёрдам бериш осон бўлмайди", дея хабар беради SBS телеканали.

Рустем Умеров ташриф давомида Сеулни" Шимолий Корея ҳарбийларининг урушда Россия томонида иштирок этаётгани" ҳақида хабардор қилганини айтди.

Киритилди: Бугун 18:42. Ўқилди: 782 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!