Бугун 6 май, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Жамиятда журналист меҳнати ҳурмат қилинадиган муҳитни сақлаб қолиш муҳим — Шерзод Асадов

Жамиятда журналист меҳнати ҳурмат қилинадиган муҳитни сақлаб қолиш муҳим — Шерзод Асадов

Бугун Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланмоқда. Ушбу сана яна бир бор дунё ҳамжамияти эътиборини демократиянинг асосий устунларидан бири — сўз ва матбуот эркинлиги масалаларига қаратади, деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фикр эркинлигини таъминлаш, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлаш тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу стратегия инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат халққа хизмат қиладиган очиқ ва адолатли жамият қуришга қаратилган», деди у.

«Кучайиб бораётган глобал таҳдидларга қарамасдан, биз демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқдамиз. Дунёдаги сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, зиддиятларнинг кескинлашуви ва дезинформациянинг кучайиши шароитида Ўзбекистон журналистика, холис мулоқот ва фикрлар хилма-хиллигини ривожлантириш учун зарур шароит яратиш сиёсатига содиқ қолмоқда», деб ёзди Асадов.

«Афсус билан тан олиш керакки, бугунги кунда ҳатто анъанавий равишда демократия таянчи ҳисобланган мамлакатларда ҳам сўз эркинлиги ғояси кўпинча сиёсий, тижорат ёки мафкуравий манфаатлар босими остида қолмоқда. Очиқ журналистика ўрнини нохолис ёндашув эгаллаб, «сўз эркинлиги» тамойили ўзининг асл қийматини тобора йўқотиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқаро ташкилотларнинг таҳлилларига кўра, 2025 йилда дунёдаги умумий вазият илк бор «мураккаб» даражага тушиб кетгани соҳадаги аҳволнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан далолат беради», деб таъкидлади у.

«Шу боис жамиятимизда журналистнинг профессионал меҳнати ҳурмат қилинадиган, факт ва ҳалоллик қадрланадиган, мулоқот очиқликка асосланадиган муҳитни сақлаб қолиш ва ривожлантириш айниқса муҳимдир. Бу кунда журналистлар, блогерлар, муҳаррирлар, операторлар, техник ходимларга - ҳар куни маърифат ва ахборот улашиш, воқеаларни холис ёритиш йўлида хизмат қилаётган барчага чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Масъулиятингиз, жасоратингиз ва касбингизга садоқатингиз учун ташаккур. Сизларга янги ютуқлар, мустаҳкам соғлик ва ижодий илҳом тилаймиз!», деди Шерзод Асадов.

Киритилди: 19:31 03.05.2025. Ўқилди: 378 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!