Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тахминан 700 миллион киши кунлик 2,15 доллардан кам даромад олади ва “ўта қашшоқ” қатламига киради.
БМТ Бош Ассамблеяси 17 октябр санасини Бутунжаҳон қашшоқликка барҳам бериш куни деб эълон қилган бўлиб, ҳар йили бу санада қашшоқлик муаммосига эътиборни кучайтириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилади.
Бу йилги мавзуда “Оилаларни ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий ҳамда институционал зўравонликка барҳам бериш” шиори илгари сурилган.
БМТ ҳисоботларига кўра, COVID-19 пандемиясидан сўнг қашшоқлик даражаси яна ўсиб, 2019 йилдан бери пасайиш белгиси кузатилмаган. Ҳозирда дунё аҳолисининг деярли ярми кўплаб давлатлардаги қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.
Жаҳон банкининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг 8,5 фоизи (тахминан 700 миллион киши) ўта қашшоқлик ҳолатида, яъни кунлик 2,15 доллардан кам маблағга тирикчилик қилади.
Бундан ташқари, яна 3,5 миллиард киши кунлик 6,85 доллардан кам даромад олади, бу эса ўртача даромадли мамлакатларда ҳам қашшоқлик сифатида баҳоланади.
Сўнгги 25 йил ичида Шарқий Осиё, Тинч океани соҳиллари ва Жанубий Осиёда қашшоқлик сезиларли даражада камайган бўлса-да, 2030 йилга келиб дунё аҳолисининг 7,3 фоизи ҳали ҳам ўта қашшоқ ҳолатда яшаши кутилмоқда.