Бугун 22 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Италияда ёқилғи нархлари бўйича норозилик намойишлари озиқ-овқат таъминотида узилишларга олиб келди

Италияда ёқилғи нархлари бўйича норозилик намойишлари озиқ-овқат таъминотида узилишларга олиб келди

Италия Ички ишлар вазирлиги ёқилғи нархи қимматлашгани сабабли автомобиль йўлларини тўсиб қўйиш билан кузатилаётган ноқонуний норозилик намойишлари иштирокчиларини текширишни бошлади. «Corriere della Sera» газетаси хабар беришича, юк машинаси ҳайдовчиларини текшириш ишлари асосан мамлакат жанубидаги Кампания вилоятида олиб борилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, ҳуқуқ-тартибот органларига транспорт воситаларини улар тўпланган жойлардан кузатиб бориш (тарқатиш) вазифаси топширилган. Ички ишлар вазирлиги намойишчиларнинг ҳаракатларида жиноий гуруҳларнинг қўли борлигини истисно этмаяпти.

Мамлакатнинг жанубий ҳудудларида, жумладан, Неаполь ва Сицилияда давом этаётган иш ташлашлар фонида супермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмоқда. Айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса ёқилғи тугаб қолган.

Неаполь ва Бари расмийлари чиқиндиларни олиб чиқиб кетишда ҳам узилишлар бўлаётганини хабар қилмоқда. Бир қатор жанубий аэропортларда, жумладан, ушбу шаҳарлардаги авиация керосини тақчиллиги юзага келган. Бундан ташқари, Неаполда жамоат транспорти фаолиятида ҳам узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда. Нашрнинг эслатишича, 2008 йилда Неаполдаги чиқинди инқирози Романо Проди ҳукуматининг ағдарилишига олиб келган омиллардан бири бўлган эди.

Аввалроқ, тармоқ бирлашмалари Италия ҳукумати ёқилғи нархи ошиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 500 миллион еврогача маблағ ажратишни кафолатлаганидан кейин йўлларни тўсишни тўхтатишга чақирган эди. Бироқ юк ташувчиларнинг айрим гуруҳлари, хусусан, Сицилиядагилар иш ташлашни давом эттиришга қарор қилишди.

Вазият фонида Италия Бош вазири Жоржа Мелони транспорт компаниялари ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўшимча қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декретни қабул қилиш учун ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини шошилинч равишда чақирмоқда.

Киритилди: Бугун 08:20. Ўқилди: 174 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!