Италиядаги аэропорт ишчилари 26 июль куни тўрт соатлик умуммиллий иш ташлаш ўтказади, бу эса сайёҳлик мавсумининг энг юқори чўққисида ўнлаб рейсларнинг кечикиши ва бекор қилинишига олиб келиши мумкин.
Euronews хабарига кўра, Италиянинг барча йирик аэропортларида маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан 17:00 гача багаж ташувчилар, ер ходимлари ва аэропорт ишчилари иш ташлашади.
Намойишчилар иш жойида хавфсизликни ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, касбий ва шахсий ҳаёт ўртасида соғлом мувозанатни сақлаш каби қатор талабларни илгари сурмоқда. Бундан ташқари, ишчилар ижтимоий кафолатларни сақлаб қолган ҳолда миллий меҳнат шартномаларини узайтиришни талаб қилмоқдалар.
Европанинг энг йирик авиакомпаниялари, жумладан EasyJet ва Ryanair бюджетли авиакомпаниялари, шунингдек, British Airways, Wizz Air, Tui, Volotea ва Италиянинг миллий авиаташувчиси ITA Airways (собиқ Alitalia) зарар кўради.
Вазият Испания ва Португалия аэропортларида параллель иш ташлашлар содир бўлиши билан янада оғирлашмоқда, бу эса ёз мавсуми авжида минглаб саёҳатчилар учун ҳақиқий транспорт коллапсини келтириб чиқаради.
Италияда норозилик намойишлари мамлакатнинг асосий аэропортларига таъсир қилади: Милан-Малпенса, Милан-Линате, Рим-Фиумисино, Флоренция, Неапол ва Венеция. Милан-Линате аэропортида айниқса қийин вазият кутилмоқда, у ерда йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва дарвоза хизматлари учун масъул Swissport ходимлари иш ташлашга қўшилади.
Испанияда иш ташлаш ҳаракатига Volotea авиакомпанияси экипажи ва учувчилари бошчилик қилишди, унинг йўналиш тармоғи Европанинг 100 дан ортиқ шаҳарларини қамраб олади. Бу машҳур сайёҳлик йўналишлари орасидаги ҳаво қатновини жиддий равишда бузиши мумкин.
Энг узоқ давом этадиган норозилик намойиши Португалияда кутилмоқда, у ерда Groundforce компанияси (ҳозирги Menzies Aviation номи билан танилган) ишчилари 26 июль соат 00:00 дан 29 июль 00:00 гача уч кунлик иш ташлаш эълон қилишди. Уларнинг ҳаракатлари Лиссабон аэропорти ишини амалда фалаж қилиши мумкин. Бундан ташқари, намойишчилар иш ташлашни август ойи давомида такрорлашни режалаштирмоқда: 8 дан 11 гача, 15 дан 18 гача, 22 дан 25 гача ва 29 августдан 1 сентябргача.