Бугун 16 июль, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Истанбулнинг диққатга сазовор машҳур музейлари

A A A
Истанбулнинг диққатга сазовор машҳур музейлари

Икки қитъани бирлаштирган Истанбул нафақат ўзининг гавжум соҳиллари, мазали таомлари, муҳташам кўприклари, меҳмонсевар инсонлари, минглаб масжидлари, бепоён манзарали денгизлари-ю осмонўпар бинолари билан ном қозонган, балки ушбу хашаматли шаҳар ўзининг бой тарихга эга музейлари билан ҳам машҳур туристик шаҳар ҳисобланади. Қуйида сиз билган ва билмаган, шу билан биргаликда тенгсиз музейларни келтириб ўтамиз. Ажаб эмас, музей иштиёқмандлари бу зиёрат гўшаларини ўзларининг “Бориб кўриши шарт зиёратгоҳлар рўйхати”га қўшишар?!

1- Адам Мицкевич Музейи. Полшалик озодликни ҳиргоя қилган шоир Адам Мицкевич умрининг сўнгги йилларини ўтказган ва 1855-йилда вафот этган Тарлабошидаги уйи 1955 йилда шоир вафотининг 100 йиллиги муносабати билан Полша Маданият ва Санъат вазирлиги билан ҳамкорликда музейга айлантирилди. Музейда Мицкевич ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар ва ҳужжатлар, шоирнинг Истанбулда ўтказган йиллардаги фотосуратлари, Полша озодлик курашига оид ҳужжатлар ва фотосуратлар ўрин олган. Бинонинг паст қаватида эса қабри Краковда кўмилган Мицкевичнинг рамзий қабри жойлашган.

2- Марям она (Аясофя) музейи. Асрлар давомида ўзига хос архитектураси, бой тарихи, диний аҳамияти ва ғайриоддий хусусиятлари билан “вақтни енгган” Аясофя; Истанбулдаги энг катта Шарқий Рим черкови. Дунёдаги энг қадимги ва энг тез қуриб битказилган ибодатхона бўлиб, бир жойда уч марта қурилган. У ҳавода худди осилиб тургандек туюладиган кўзни қамаштирувчи гумбази, монолит мармар устунлари ва ноёб мозаикалари билан меъморлик тарихининг дурдоналаридан биридир. Бугунги Аясофя архитектураси худди шу жойда аввалгиларидан фарқли равишда ўзгача ёндашув билан қурилган учинчи бинодир. У император Юстиниан томонидан Траллес (Айдин) лик Антемиос ва Милетос (Балат) лик дан Исидорос учун қурилган. Унинг қурилиши 532 йилда бошланиб, 5 йилда тугалланиб, 537 йилда катта тантана билан ибодат қилиш учун очилган. Фатиҳ Султан Меҳмет томонидан Истанбул фатҳ қилинганидан кейин масжид сифатида қайта ташкил этилган. Усмоний меъморий элементлари қўшилиши билан ўз мавжудлигини сақлаб қилди ҳамда 1935 йилда музейга айланди. “Император дарвозаси”, “Чиройли дарвоза” ва “Мармар дарвоза” номлари билан машҳур бўлган Аясофяда жами 104 та устун мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми қадимий шаҳарлардан олиб келинган. Императорлар тож кийган "Омфалион" бўлими ҳам худди шу устунлар каби мармардан ясалганлиги билан ажралиб туради.

3- Буюк Сарой Мозаика музейи. Шарқий Рим Буюк Саройига тегишли монастир ҳовлисининг шимоли-шарқий қисмида 1935 йилда бошланган қазишмаларда топилган мозаикалар ҳам санъат, ҳам кўриниш жиҳатидан бойлиги билан ажралиб туради. Буюк Сарой Мозаикалари музейида намойиш этилган асарлар милодий 450-550 йилларга тегишли бўлса-да, мозаика мавзулари диний мазмунга эга эмас. Ўз даврининг етук усталари раҳбарлигида кўплаб уста рассомлар кундалик ҳаётдан, табиатдан, мифологиядан олган тасвирларни мозаикаларда акс эттирган. Музей Араста бозорининг ичида, Султанаҳмет масжиди комплексида жойлашган.

4- Фетҳие музейи. Паммакаристос черкови 1261 йилда Лотин ҳукмронлиги тугаганидан кейин эски черков харобалари устига қайта қурилган ва черковнинг шимолий қисмидаги бўлим Она Марямга бағишланган. 1292-1294 йиллар оралиғида Шарқий Рим императори Майкл Палаилогос VIII нинг жияни Майкл Глабас Дукас Таркаинотес томонидан 1315 йилда рафиқаси Мариянинг кўрсатмалари билан қайта тикланган бинога қўшимча равишда, Исо (А.С.) га бағишланган «парекклесион», яъни кичик қўшимча черков қурилган. Дафн маросими бўлган бу қўшимча черков Мария ва Майклнинг қабрларини ўз ичига олади. Бино истилодан кейин аёллар монастири сифатида ишлатилган, 1455 йилда Ҳавариум черковидан олиб ташланган Патриархат бу ерга кўчирилган ва 1586 йилгача Патриархат сифатида ишлатилган. Усмоний Турклар даврида Султон Мурод III (1574–1595) черковни масжидга айлантириб, уни Фетҳие деб атаган. Бино 1845-1846 йилларда буткул таъмирланди.

5- Галата Мавлевиҳане музейи. 1975 йилда музей сифатида очилган Галата Мавлевиҳане музейи ўз даври маданияти ва санъатини акс эттирган муассасалардан биридир. У 1491 йилда Султон Боязид II даврида ҳоким бўлган Искандар пошога оид “овчилик фермаси”да қурилган. Унинг биринчи шайхи Меҳмед Семо-и Чалабий эди. Мавлевиҳане Султон. Мустафо даврида (1766) ёнғинга учраган бўлса-да, бугунги кунгача сақланиб қолган Мавлевиҳане ўша султон даврида қурилган. Бино кейинги йилларда Султон Селим III, Маҳмуд II ва Абдулмежид даврида та’мирланган. Мажмуа сифатида қурилган Мавлевиҳане - самохона, дарвеш ҳужралари, шайхлик ва султон хонаси, аёллар бўлими, кутубхона, халқ фаввораси, ошхона, қабрлар ва хазинахонадан иборат.

6- “Қабрлар музейи”. Истанбулнинг турли туманларида жойлашган 117 мақбара “Истанбул Қабрлар Музейи Бошқармаси”га бириктирилган. Улар орасида саҳобалар, уламолар, Истанбулда дафн этилган барча Усмоний Турклар Империяси султонлари, подшоҳлари, қўмондонлари, садразамлари, ҳарбий пошоларнинг қабрлари бор. Бошқармага қарашли қабрларнинг кўпчилиги Усмоний Турклар Империясининг бош архитекторлари ёки ўз даврининг энг етук меъморлари томонидан қурилган. Истанбул Қабрлар музейи инвентарида қиймати юқори бўлган минглаб тарихий ўзига хос асарлар, жумладан, Каъба қопламаси, Қуръони Каримлар, Усмоний султонларининг қўлда ишланган хаттотлик лавҳалари, жамиятнинг маънавият пешволарига оид буюмлар, рўйхатга олинган муқаддас ёдгорликлар сақланади.

7- Ислом илм-фан ва технология музейи. Ушбу музей Истанбулнинг Гулҳане боғида, аниқроғи сарой девори ёнидаги “Ҳас Аҳирлар” биносида жойлашган. Усмонийлар даврида султон ва унинг яқин хизматкорларининг отлари сақланадиган отхоналар “Ҳас Аҳир“ (Истабли амире) деб аталган. Ислом фанлари тарихчиси профессор - Фуат Сезгин томонидан тайёрланган ва 2008 йилда очилган музей 3500 квадрат метр кўргазма майдони ва жами 570 асбоб коллексияси, қурилма нусхалари, макет ва моделлари жамланмаси билан Туркияда ўз соҳасида биринчи ва Франкфуртдан кейин дунёда иккинчи ўринда туради. Икки қаватли музейнинг юқори қаватида ўзига хос “кино зали” жойлашган бўлиб, у ерда музей ҳақидаги визуал материалларни томоша қилишингиз мумкин, шунингдек, астрономия, соат технологияси, денгизчилик, уруш технологияси ва тиббиёт бўлимлари ҳам мавжуд. Пастки қаватда бўлса, кончилик, физика, математика-геометрия, шаҳарсозлик ва архитектура, оптика, кимё ва географияга оид харита ва чизмалар намойиш этилган бўлимлар мавжуд. Музей боғида IX асрда халифа Ал-Маъмун томонидан тузилган жаҳон харитасининг нусхаси бўлган глобус ҳамда Ибн Синонинг “Ал-қонун фит тибб” китобининг иккинчи жилдида тилга олинган 26 та доривор ўсимликларнинг бари мавжуд бўлган, 2013 йилда очилган Ибн Сино ботаника боғи жойлашган.

Умид қиламизки, саргузашт иштиёқмандлари Истанбулга ташрифларидан олдин юқорида зикр этилган музейларни ўзларининг “Кўриш шарт бўлган зиёратгоҳлар” рўйхатига қўшган ҳолда, албатта, ушбу музейларни зиёрат қиладилар!

Киритилди: 18:59 03.11.2022. Ўқилди: 4981 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!