Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Истанбулда бўлиб ўтган Россия ва Украина делегациялари учрашуви натижалари ҳақида гапирди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
"Бугун тинчликка эришиш учун муҳим кун. Шиддатли дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли Россия ва Украина делегациялари Туркия воситачилигида Истанбулда учрашув ўтказди. Учрашув якунида улар ишончни мустаҳкамлаш мақсадида 1000 кишига 1000 форматида алмашиш бўйича келишувга эришдилар. Улар, шунингдек, сулҳга эришиш имконини берадиган шартларни ёзма равишда алмашишга рози бўлишди. Томонлар, шунингдек, янги учрашув бўйича принципиал келишувга эришдилар. Туркия Россия ва Украина ўртасида мустаҳкам тинчликка эришиш учун барча имкониятларни ишга солишда давом этади," - деди у.