Россия ва Украина ўртасида 15 май куни Истанбулда бўлиб ўтадиган тинчлик музокаралари можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу ҳақда туркиялик сиёсатшунослар, профессор Ясар Онай ва профессор Вишне Коркмазлар Анадолуъга берган интервюсида айтиб ўтди.
Хусусан, сиёсий фанлар доктори, Истанбул университети профессори Кент Ясар Онай музокаралар можарода муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Профессорнинг сўзларига кўра, нафақат мулоқот бошлангани, балки муҳокама қилинаётган мавзуларнинг чуқурлиги, томонларнинг ҳақиқий ён беришга тайёрлиги ҳам муҳим.
Онай, тинчлик музокаралари жараёни барқарор ва кўп қатламли бўлиши, жумладан ўт очишни тўхтатиш, сиёсий ечим ва хавфсизлик кафолатлари бўлиши кераклигини таъкидлади.
Профессор Туркиянинг дипломатик салоҳиятига ҳам эътибор қаратди. “Ўзининг географик жойлашуви, НАТОга аъзолиги ва Россия билан тўғридан-тўғри алоқаларни сақлаб қолиши туфайли Туркия воситачи сифатида ноёб салоҳиятга эга”, деди у.