Исроил 1967 йилда Голан тепаликларини босиб олди ва 1981 йилда минтақани аннекция қилди.
АҚШдан ташқари халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти бу ҳудудни Суриянинг бир қисми ва Исроил уни ноқонуний босиб олмоқда, деб ҳисоблайди.
Исроил бош вазири Нетаняху бу ҳаракат зарур эканини, гўёки Асад режимига содиқ бўлган Сурия ҳарбийлари ҳудуддан чиқиб кетганини, бу эса «Исроил ва Сурия ўртасида 1974 йилдаги кучларни ажратиш келишувининг барбод бўлишини» англатишини даво қилди.
Нетаняхунинг айтишича, Исроил қўшинларининг ҳаракати вақтинчалик бўлиб, фақат янги келишув тузилмагунча давом этади.
«Агар Сурияда пайдо бўлаётган янги кучлар билан қўшничилик ва тинч муносабатлар ўрната олсак, бу бизнинг хоҳишимиз», - дея қўшимча қилди у.
Қуддусдаги матбуот анжуманида у «Аммо буни қилмасак, биз Исроил давлати ва Исроил чегарасини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қиламиз», деди.
Аммо кейин у «Голан абадий Исроил давлатининг бир қисми бўлиб қолади», деб ҳам қўшиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси Сурияга тегишли бўлган Голан тепалигини ноқонуний равишда босиб олган ва Сурияга янада кўпроқ ҳужумлар уюштирмоқда.