Фаластинлик она ва икки боланинг ўлдирилиши ортидан Ғазога қайтишдан бош тортган тўрт нафар ҳарбий қамалди.
Исроил армияси "Нахаль" бригадасига қарашли 931-батальоннинг тўрт нафар аскарини қамоққа олди. Улар Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортган. Бу ҳақда Kan исроил телеканали хабар берди.
Тўрт нафар аскар Ғазодаги блокада қилинган ҳудудда 13 дан 17 ойгача хизмат қилган. Улар командирларига "ичкий инқироз" сабабли урушни давом эттиролмасликларини айтган. Қамалган аскарлардан бири Kan телеканалига шундай деди:
«Биз фронтда эдик ва учта одам келаётганини кўрдик. Амрга мувофиқ, уларни отиб ташладик. Кейин маълум бўлдики, улар 12–13 ёшли болалар ва уларнинг онаси экан. Биз билмаганмиз. Биз фақат буйруқни бажардик».
Қамалган аскарлардан бири бу воқеадан кейин уч нафар хизматдоши посттравматик стресс бузилишига учраганини айтди:
«Улар тушларида болаларни кўра бошлашди, ухлай олмасликдан азият чекишди. Биз билан ҳеч ким гаплашмади, психолог ҳам йўқ эди. Ҳаммаси одатдагидек давом этди».
Қамоққа олинган аскарлардан уч нафари бир ҳафтадан 12 кунгача озодликдан маҳрум қилинди. Тўртинчисининг иши ҳали кўриб чиқилмаган. Қамалганлардан бири ўтган йили Ғазо чегарасида яраланган, аммо кейин ихтиёрий равишда сафга қайтган эди.
AFP агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан буён Исроил армияси Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларда 7 051 нафар аскарини йўқотган ёки яраланган. Фақат охирги беш кун ичида 26 ҳарбий ҳалок бўлган. Шу даврда Исроил кучлари томонидан 59 800 дан ортиқ палестинлик, жумладан 17 000 нафар бола ўлдирилган, 144 000 нафардан ортиғи яраланган — уларнинг аксарияти аёллар, болалар ва кексалардир.