Исроил мудофаа армияси (IDF) Ғазо секторида уруш бошланганидан бери тахминан 71 минг фаластинлик ҳалок бўлганини илк бор расман тан олди. Бу ҳақда Haaretz нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил ҳарбийлари келтирилган рақамлар Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган баҳоларга мос келишини маълум қилган. Шу билан бирга, Исроил армияси ушбу кўрсаткичлар вайроналар остида қолганлар ва бедарак йўқолган шахсларни ўз ичига олмаслигини таъкидлаган.
Мутахассислар ва халқаро ташкилотлар эса реал қурбонлар сони расмий рақамлардан юқори бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Чунки уруш давомида кўплаб бинолар бутунлай вайрон бўлган, алоқа тизимлари ишдан чиққан ва қутқарув ишлари чекланган ҳолда олиб борилмоқда.
Ғазодаги гуманитар вазият оғирлигича қолмоқда: тиббий муассасалар ресурслар танқислигига дуч келган, аҳолининг катта қисми бошпанасиз қолган. Халқаро жамоатчилик томонидан ўт очишни тўхтатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш чақириқлари давом этмоқда.