Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) баёнотида айтилишича, мамлакат сиёсий раҳбарияти кўрсатмасига биноан ва “Ғазо секторида атайлаб очарчилик уюштирилаётгани ҳақидаги ёлғон даъволарни рад этиш мақсадида” озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш учун БМТ карвонлари хавфсиз ҳаракатланадиган махсус гуманитар йўлаклар ташкил этилади.
Мазкур баёнотдан кўп ўтмай, ЦАХАЛ вакили Reuters'га Ғазога парашютлар орқали ёрдам ташлаш яна бошланганини маълум қилди. ЦАХАЛ баёнотида "халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган ун, шакар ва консервалар жойланган еттита контейнер парашют орқали туширилгани" айтилган.
Reuters'нинг фаластинлик манбалари ҳам гуманитар юк парашютлар орқали туширилаётганини тасдиқлаган.
Гуманитар ташкилотлар эса парашют орқали ёрдам ташлаш ўта самарасиз усул эканини қайд этмоқда.
Аввалроқ 100 дан ортиқ ташкилот Ғазода очарчилик тобора авж олаётганидан огоҳлантирган эди. ЦАХАЛ бу даъволарни инкор этиб, уларни "ҲАМАС томонидан илгари сурилаётган ёлғон кампания" деб атади. Шанба куни Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги тўйиб овқатланмаслик оқибатида йил бошидан буён 127 киши, жумладан, беш нафар бола вафот этганини маълум қилганди.
"Ғазo аҳолиси ўртасида ёрдамни тақсимлаш учун жавобгарлик БМТ ва халқаро гуманитар ташкилотлар зиммасидадир. Шу сабабли улардан ёрдамни самаралироқ тақсимлаш ва унинг ҲАМАС қўлига тушмаслигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар кутиб қоламиз", дейилади Исроил армияси баёнотида.