Исроил ҳукумати АҚШ раҳбарлигида фаолият юритаётган, Кирьят-Гатда жойлашган Ғазони қўллаб-қувватлаш халқаро маркази (IGSC)дан Буюк Британия, Германия ва Италия вакилларини чиқариб юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу қадам Европа давлатларининг Исроилга нисбатан позициясини янада қатъийлаштиришига жавоб чораси сифатида кўрилмоқда. Жумладан, Энди Бернем бошчилигидаги Буюк Британиянинг янги ҳукумати Ғарбий соҳилдаги ноқонуний Исроил аҳоли пунктларига қарши санкциялар пакетини тайёрламоқда. Шунингдек, E1 ҳудудида қурилиш ишлари кенгайтирилаётгани сабабли Исроил дипломатлари чақириб олинмоқда.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари мутахассисларни марказдан чиқариб юбориш Дональд Трампнинг Ғазо бўйича «20 банддан иборат режаси» ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2803-сонли резолюциясини амалга ошириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларга путур етказишини билдирди. Ушбу ишлар доирасида Лондон АҚШ ва Тинчлик кенгашининг сўровига биноан ёрдам кўрсатмоқда. Марказ таркибида Британия вакили қўмондон ўринбосари каби юқори лавозимни эгаллайди.
Аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар аҳоли пунктларидан товарлар импортига чекловлар жорий этгани ва ҳарбий операцияни танқид қилгани учун Нидерландия ҳамда Испания вакилларини марказдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Халқаро инқирозлар гуруҳи (ICG) ва Европа ташқи алоқалар кенгаши (ECFR) экспертлари бундай қадамлар намойишкорона хусусиятга эга эканини ва халқаро майдонда Исроил ҳукуматининг дипломатик изоляциясини кучайтириб, унинг «халқаро майдонда четлатилган давлат» мақомига яқинлашишига олиб келишини таъкидламоқда.